Блогерга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бекор қилинди

Блогерга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бекор қилинди

Бош прокуратура вакили Ҳаёт Шамсуддинов андижонлик блогер Отабек Нуриддиновга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бекор қилинганини маълум қилди.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов Telegram саҳифасида «Facebook» ижтимоий тармоғида андижонлик блогер Отабек Нуриддинов томонидан унга нисбатан асоссиз жиноят иши қўзғатилганлиги ҳақида қолдирилган пост бўйича муносабат билдирди.

Таъкидланишича, Андижон вилояти прокуратураси ташаббуси билан мазкур жиноят иши назорат тартибида ўрганилган.

«Аниқланишича, 2020 йил октябр ойида Абдуфатто Нуриддинов «Facebook» ижтимоий тармоғида мавжуд бўлган «Отабек Нуриддинов» номли саҳифасида фуқаро Г.Мирзаевани «маънавий бузуқ аёл» ва шу каби сўзлар билан ҳақоратлаганлиги бўйича 20 ноябр куни Андижон шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан Жиноят кодексининг 140-моддаси («Ҳақорат қилиш») билан жиноят иши қўзғатилган. Бироқ, жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги қарорни қабул қилишда жиноят процессуал қонунчилиги талабларига тўлиқ риоя қилинмаганлиги аниқланган», — деб хабар берида Шамсуддинов.

Маълум қилинишича, Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддаси («Айбсизлик презумпцияси») 3-қисмига мувофиқ А.Нуриддиновга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бекор қилинди.

Абдуфатто Нуриддинов Андижон вилояти Асака шаҳри, Ибн Сино маҳалласи Шинам кўчасида яшайди. Facebook'да Отабек Нуриддинов номи остида аккаунт юритади. У ижтимоий тармоқда Андижон вилояти ижтимоий соҳаларидаги камчиликлар ҳақида ёзиб келган.

Блогер ўтган йили маъмурий жавобгарликка тортилиб, 15 суткага қамалганди.