Орол фожиаси замонамизнинг энг йирик экологик муаммоларидан бирига айланиб улгурди. Бугунги кунда экологик инқироз оқибатларини бартараф этишга қаратилган ҳаракатларни бирлаштириш Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги устувор йўналишларидан биридир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисидаги резолюцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббуси билан чиқиб, жаҳон ҳамжамияти эътиборини яна бир бор Орол фожиасига қаратди.
Куни кеча бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг навбатдаги ялпи мажлисида ушбу резолюция лойиҳаси маъқулланди.
Ушбу ҳужжат Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликда минтақада экологик инқироз оқибатларига барҳам бериш ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш, аҳоли турмуш шароитини ошириш йўлидаги ҳаракатларининг мантиқий давоми бўлди. Резолюция қабул қилиниши Оролбўйи минтақаси тарихида янги саҳифа очади ва Орол денгизи инқирози оқибатлари юмшатилиши, Оролбўйи ҳудудини ривожлантиришга қаратилган ҳаракатларни бирлаштирга хизмат қилади.
Содиқ Сафоев,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Сенати Раисининг биринчи ўринбосари.