Божхона хизмати: “Коронавирус тадбирлари ташқи савдо юклари ҳаракатига таъсир кўрсатмайди”

Божхона хизмати: “Коронавирус тадбирлари ташқи савдо юклари ҳаракатига таъсир кўрсатмайди”

Жорий йилнинг 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ҳузурида мазкур масалагабағишлаб ўтказилган йиғилишда, 2020 йилнинг 16 март кунидан бошлаб Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида шахслар ва йўловчи ташувчи транспорт воситалари ҳаракатини вақтинча тўхтатиш бўйича қарор қабул қилинди.

Мазкур йиғилиш тафсилотлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинганидан сўнг, айрим ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи фуқаролар томонидан экспорт-импорт тартибида транспорт воситаларида ташилаётган юклар ҳам чегарадан ўтказилмас экан-да деган ортиқча хавотирлар билдирилмоқда.

“Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур чекловлар юк автомобиллари, авиа, темир йўл, дарё транспортларида юк ташиш билан шуғулланувчи шахслар, уларнинг транспорт воситалари ва ташилаётган ташқи савдо юкларига таалуқли эмас”, деб таъкидламоқда Давлат Божхона хизмати.

Чегара ўтказиш ҳудудларида мазкур ташувларни амалга ошираётган шахслар ва уларнинг транспорт воситалари тегишли тартибда текширувлардан ўтказилиб, республикамиз орқали ҳаракатланишига рухсат берилади.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида товарларнинг ташқи савдо ҳажми4,6 млрд. АҚШ долларини ташкил этди.

Шунингдек, республикамизга жами 36 096 та автотранспорт воситаларида 671,5 минг тонна товарлар ташуви амалга оширилган.

Темир йўл орқали эса 79, 6 мингта вагонларда 3 503,8 минг тонна товарларлар олиб келинган.

Давлат божхона қўмитаси божхона органлари фаолиятига доир холис ва ҳаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини маълум қилади.

Шу билан бирга, мазкур масалаларга оид ҳар қандай мурожаатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг туну-кун фаолият кўрсатувчи 11-08 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилишингиз мумкин.