Болани парваришлаш даврини меҳнат стажига қўшиш таклиф этилмоқда

Болани парваришлаш даврини меҳнат стажига қўшиш таклиф этилмоқда

2021 йил 13 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Айтиш жоизки, партиянинг 2019 йилдаги сайловолди дастурида бола парвариши билан банд бўлган аёлларнинг фарзандига қараган даврини меҳнат стажи сифатида эътироф этишни қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйиш масаласи илгари сурилган эди. Ушбу таклифни амалга ошириш мақсадида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Унга кўра, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга боқувчисини йўқотганлик пенсияси тўловларини марҳумнинг қарамоғидаги фарзандларига, улар 18 ёшгача, агар умумий ўрта таълим муассасаси, академик лицей ва олий таълим муассасасида ўқиётган бўлса 23 ёшга тўлгунга қадар боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тўлаш, ногиронлиги болаликдан бўлган болаларга 18 ёшгача қараган даврини иш стажига қўшиб ҳисоблаш, болани парваришлаш бўлиш вақтининг ҳаммасини жамланганда кўпи билан 6 йиллик даврни иш стажига қўшиб ҳисоблаш каби ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, республика ҳудудида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлган даврда амал қилиб турган даврда пенсия олиш ҳуқуқи вужудга келган фуқаролар, ушбу тадбирлар (чекловлар) даврида ёки тугагандан сўнг бир ой ичида пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этган тақдирда, уларга пенсия уни олиш ҳуқуқи пайдо бўлган санадан тайинлаш таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан етим болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш, ногиронлиги болаликдан бўлган болаларга қараб турилган вақтни иш стажига қўшиб ҳисоблаш даврини узайтириш, шунингдек, карантин тадбирлари давомида фуқароларнинг пенсияга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Йиғилишда “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди. Мазкур ҳужжатда миллий қонунчиликдаги меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларига оид айрим масалаларни халқаро ҳужжатлар билан уйғунлаштириш, қонунчилик ҳужжатларида ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини, ушбу соҳани тартибга солишда иштирок этадиган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатларини, фуқароларнинг Ўзбекистондан ташқаридаги меҳнат фаолиятини ташкил этиш, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш назарда тутилмоқда.

Таъкидланишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги қонуности ҳужжатлари қонун даражасида мустаҳкамланади. Қолаверса, халқаро ҳужжатлардаги меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларига оид нормалар миллий қонунчиликка имплементация қилинади.

Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.

Йиғилишда шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексига қўшимча ва ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди.