Боласини 17 минг долларга сотган она 5 йилга қамалди

Боласини 17 минг долларга сотган она 5 йилга қамалди

Жорий йилнинг 21 июль куни 1 ёшга тўлган фарзандини 17 минг долларга сотмоқчи бўлган она устидан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, сирдарёлик А.Ўринбоева жорий йилнинг июль ойида ўз ҳамшаҳри Х.Маматқулов билан танишиб, ҳозирда шароити оғирлиги ва моддий томондан қийналганлиги сабабли пул кераклигини, бунинг эвазига ўз фарзанди – 2019 йил 12 июлда туғилган Л.Ўринбоевани 17 минг АҚШ долларига сотишини айтади.

Жорий йилнинг 21 июль куни, кундузи соат 12 лар артофида аризасига асосан Департаментнинг вилоят бошқармаси ва Сирдарё вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда Гулистон шаҳар, 2-мавзе, Намуна маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган «Зомин» тўйхонасининг ёнидаги қурилиши тугалланмаган бинонинг ёнида ўтказилган тезкор тадбир жараёнида, А.Ўринбоева ўзининг 2019 йил 12 июлда туғилган фарзанди Л.Ўринбоева вояга етмаган ва ожиз аҳволдалигини била туриб, уни «махсус харидор»га 17 минг АҚШ долларига сотаётганда қўлга олинган.

Тезкор тадбир давомида А.Ўринбоева ўз боласини «махсус харидор»га топшириб, у томонидан берилган, махсус кимёвий ишлов берилган 17 минг АҚШ доллари миқдордаги пулларни олаётган вақтида холислар иштирокида ашёвий далил билан қўлга олинган.

Суд мазкур жиноят ишини кўриб чиқиб, А.Ўринбоевани ўз айбига иқрорлиги, бундай жиноятни бошқа содир этмасликка сўз берганини инобатга олди ва Ўзбекистон Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбдор деб топиб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.