Бош прокуратура Кушербoев ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди

Бош прокуратура Кушербoев ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев билан боғлиқ юзасидан Бош прокуратура матбуот хизмат раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов муносабат билдирди. Бу ҳақда "Халқ сўзи" хабар берди.

Бош прокуратура депутатга нисбатан прокуратура органлари томонидан қандайдир таъсир кўрсатишга урунилаётганини инкор этди. Бундай асоссиз иддаолар ортидан келиб чиқаётган шов-шувлар жамоатчилик фикрини чалғитиши баробарида холис терговга таъсир қилиши эҳтимолини юзага келтираётганини таъкидлади.

Таъкидланишича, “Р. Кушербоевга нисбатан кўрсатма олиш“ учун гўёки “ҳиққилдоғидан олинаётган“ тадбиркорларнинг важлари ҳам асоссиз. Улардан ўзларига нисбатан дастлабки тергов жараёнида нисбатан руҳий ёки жисмоний босим ўтказганлик ҳолати бўйича ҳеч шикоят келиб тушмаган. Айбланувчилар малакали ҳуқуқий ёрдам олиш имкониятига эга, бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ.

“Энди қўзғатилган жиноят иши ҳақида икки оғиз.
Дастлабки тергов ҳужжатларга кўра, Б. Кузиев Янгийўл туманида ташкил этилган “Qoʻshyogʻoch Oltin Fayzli Baliqlari” МЧЖга норасмий равишда раҳбарлик қилиб,(ушбу жамиятга расман раҳбарлик қилиб келган) укаси Ж. Зокиржонов билан олдиндан жиноий тил бириктириб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 04.12.2018 йилдаги 983-сонли қарори билан тасдиқланган “Фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун кон ажратиш тартиби тўғрисида”ги Низомга зид хатти-ҳаракатлар содир этишган. Низомда кўра, қазиб олинган кенг тарқалган фойдали қазилмалар ва ер ости сувларидан ер участкаси эгаси (фойдаланувчи)нинг хўжалик ёки маиший эҳтиёжлари учунгина фойдаланилиши, фойда олиш мақсадида қазиб олинган фойдали қазилмаларни бошқа корхоналар, ташкилотлар ва фуқароларга сотиш ёки беришга йўл қўйилмайди.
Бундан ташқари Тошкент вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасинингэкспертиза хулосасида — балиқ ҳавзасини ташкил этиш жараёнида қум-шағални бошқа истеъмолчилар ва корхоналарга фойда олиш мақсадида бериш ва сотиш қатъиян таъқиқланганлиги кўрсатилган.
“Qoʻshyogʻoch Oltin Fayzli Baliqlari” МЧЖни бошқариб келишган ака-укалар юқоридаги талаблар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига (ПҚ-3286-сонли) зид равишда қурилиш қурмаслик шарти билан балиқ боқиш учун сунъий ҳовуз қурилишини лойиҳалаштириш мақсадида Янгийўл туманининг Янгиҳаёт массивидан ажратилган 11,8 гектар ер майдонининг 4,0 гектар қисмидан(балиқчилик ҳавзасини ташкил этиш мақсадида) қазиб олинган жами 57.218,01 м3 ҳажмдаги қум-шағал аралашмаларини иш ҳақи ва бошқа мақсадларда ҳисоб-китоб қилиш мақсадида ҳудуддан олиб чиқиб кетилишига йўл қўйишган. Натижада ўзига ишониб топширилган ва унинг ихтиёрида бўлган давлат ва жамоатнинг қиймати 600 млн. 789 минг 105 сўмлик жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган”, дейилади муносабатда. 

Юқоридагиларга кўра, қўзғатилган жиноят иши доирасида Ж. Зокиржоновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан айблов эълон қилиниб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Унинг акасига терговдан яширингани сабабли унга нисбатан ҳам айни модда билан айб эълон қилиниб, қидирувга берилган.

Жиноят ишининг Ж. Зокиржоновга тегишли қисми бўйича тергов ҳаракатлари якунланиб, мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган.

Мавзуга доир:

Расул Кушербаев бошига қора кунлар тушдими?

Кушербаев нега жим? У пиар қиляптими?

Расул Кушербаев хавотирлар юзасидан тушунтириш берди