Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, Сурхондарё вилояти, Сариосиё туманидаги “Чумчуқлижар“ чегара божхона постида аёл Ф.К. хизматни ўтаб келаётган божхона инспектори Л.Х.га қаршилик кўрсатиб, уни ҳақорат қилиб, бош қисми ва юзига қўллари билан уриб, тан жароҳати етказган.
Хабарда айтилишича, божхоначига зарар етказган аёл 1973 йилда туғилган ва тадбиркорлик билан шуғулланган, лекин аёлнинг нима учун ходим билан тортишгани ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Сариосиё тумани прокуратураси томонидан Ф.К.га нисбатан ЖКнинг 219-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.