Бош прокуратура «Telegram» каналида шошма-шошарлик билан чиқарилган баёнот учун расман узр сўрамоқда

Бош прокуратура «Telegram» каналида шошма-шошарлик билан чиқарилган баёнот учун расман узр сўрамоқда

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудуди ҳамда қўшни Афғонистон Республикаси билан чегарадош ҳудудларда рўй берган воқеалар ҳақида баёнот берилганди. Бош прокуратура ушбу ўзи тарқатган баёнотга раддия берди.

"Қайд этиш керакки, ҳозирда Афғонистонда рўй бераётган ўзгаришлар дунё ҳамжамияти диққат марказида турибди. Тўлқинли воқеликлар туфайли аксарият одамларда турли-туман тушунчалар шаклланиб келмоқда. 

Тан олиш зарур, ҳар доим ҳам бундай вақтда расмий манбаалар ҳам айрим камчиликлар, яъни ахборот тарқатишдаги адашмовчиликлар, текширилмаган далиллар юзасидан маълумот бериб юбориши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Шу тарзда, Бош прокуратуранинг “Telegram” каналида чоп этилган баёнот ҳам охиригача аниқлаштирилмай, мутасадди идораларнинг расмий текширилган маълумотларига таянмаган ҳолда чиқарилган.

Шу боис, Бош прокуратуранинг “Telegram”каналига маълумотларни жойлаштириш учун масъул бўлган тармоқ ходимлари шошма-шошарлик билан чиқарилган мазкур баёнот учун расман узр сўрашмоқда.

Келгусида бундай ҳолатларга йўл қўйилмаслик учун тегишли чоралар кўрилди", дейилади хабарда.