Бош прокурор Ўзбекистонда 2020 йил ер билан боғлиқ масалаларда қанча мансабдор жавобгарликка тортилганини маълум қилди

Бош прокурор Ўзбекистонда 2020 йил ер билан боғлиқ масалаларда қанча мансабдор жавобгарликка тортилганини маълум қилди

Ўзбекистонда 2020 йилда 120 минг гектар экин майдонлари ноқонуний ажратилган, 11 минг гектар ер ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, 4 минг гектар ерда бинолар ноқонуний қурилган.Бу ҳақда Сенатда 23 апрель куни бўлиб ўтган 14-ялпи мажлисда бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев прокуратура органлари томонидан 2020 йилда амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботида маълум қилди.

Экин майдонларида ноқонуний қурилган 32 мингдан ортиқ объект буздирилган, 10 минг гектар ер давлат захирасига қайтарилган.

Йўлдошев ҳокимларнинг 106 минг гектар ер майдонини ажратиш тўғрисидаги қонунга зид қарорлари бекор қилингани, қонунни бузган 5747 нафар мансабдор интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилгани, ерни талон-торож қилиш билан боғлиқ 359 та жиноят иши қўзғатилиб, айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласи ҳал қилинганини ҳам билдирган.

"Мисол учун, Қибрай туман ҳокимининг ўринбосари Машрапов ‘Фловер сити’ жамияти раҳбари Аҳмедовга 9,8 гектар ер ажратиб бериш эвазига 15 минг доллар пора олган. Бундан ташқари, Машрапов ўзи ташкил этган ‘Сано Мега Строй’ жамиятига туманнинг турли ҳудудларидан жами 10 гектар ерни гўёки иссиқхона қуриш ва сабзавотчиликни йўлга қўйиш мақсадида ажратилишига эришиб, кейинчалик ушбу ер майдонларини 60 минг долларга сотиб юборган.

Ёки Зангиота туманида ‘Семурғ’ фермер хўжалиги бошқарувчиси Тоҳиров фуқаро Петряковга 70 сотих суғориладиган ерни 380 минг долларга сотишга келишиб, 50 минг долларини олаётганда ушланди. Қонунни бузган шахслар қилмишига яраша жазосини олди".

Ниғматилла Йўлдошев, бош прокурор.

Ердан фойдаланишдаги мавжуд аҳвол 2020 йилда парламент, Президент Администрацияси ва ҳукумат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда вилоят, туман-шаҳар ҳокимлари иштирокида танқидий муҳокама қилиниб, зарур чора-тадбирлар белгилаб олингани таъкидланди. Прокурорлар томонидан қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига 55 минг гектар ер, 122 миллиард сўм кредит, 3 миллиард сўмлик эҳтиёт қисмлар ва 687 дона техника олинишида амалий ёрдам кўрсатилгани айтилди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қарори билан қишлоқ хўжалиги соҳасига масъул бош прокурор ўринбосари (Шавкат Раҳимов), вилоят прокурори ўринбосари лавозимлари жорий этилиб, 145 та штат ажратилган.