Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров: «2020 йилда аҳолининг бирорта қатлами қашшоқликка тушмади»

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров: «2020 йилда аҳолининг бирорта қатлами қашшоқликка тушмади»

Бош вазир ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров «O‘zbekiston 24» телеканалига берган интервьюсида 2020 йилда мамлакатда камбағалликни камайтириш борасида бажарилган ишлар ҳақида гапирди, деб хабар беради «Kun.uz». Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири бу жараёнда «Темир дафтар» муҳим ўрин тутганини қайд этган.

Камбағалликни қисқартириш бўйича 2020 йилда кўп ишлар қилинди. Бизнинг энг катта натижамиз деб шуни айтиш мумкинки, пандемия даврида олиб борилган ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий сиёсат мамлакатда камбағалликнинг кўпайишига олиб келмади. Қашшоқликни келтириб чиқармади. Аҳолининг бирорта қатлами қашшоқликка тушмади. Нима ҳисобига бу кўрсаткичларга эришилди?

Биринчи навбатда, 2020 йилнинг январь ойида бюджет маблағларидан ижтимоий нафақа олган оилалар сони 600 мингта эди. Декабрь ойида эса 1,2 миллион оилага ижтимоий нафақалар берилди. Мисол учун, «Темир дафтар» деймиз. Ҳайит байрамида, болалар мактабга бориши арафасида ва бошқа вақтларда мазкур тизим орқали аҳолига манзилли ёрдам кўрсатилди.

Унинг бир маъноси шундаки, у жуда ҳам кенг қамровли. Бунда фақатгина пул ёки озиқ-овқат билан ёрдам беришгина назарда тутилмаган. «Темир дафтар» биринчи навбатда кам таъминланган аҳолини ишга жойлаштиришни назарда тутади.

Бир сўз билан айтганда, «Темир дафтар» пандемия даврида халқимизнинг қийналиб қолмаслиги учун энг катта хизмат кўрсатган дастак ва йўналиш бўлди, деб айтиш мумкин.

Жамшид Қўчқоров, бош вазир ўринбосари

Эслатиб ўтамиз, 29 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Президентининг парламентга мурожаатномасида ҳам «Темир дафтар» масаласига алоҳида урғу берилганди. Унда «Темир дафтар»га киритилган ҳар бир фуқарони камбағалликдан чиқариш бўйича «мотивация, кўникма ва молиявий кўмак» тамойили асосида янги механизм жорий этилиши таъкидланган.