Бош вазир ўринбосари ва қишлоқ хўжалиги вазирининг расми фотожурналистнинг Телеграм каналидан ўчиртирилди. Цензура(ми)?

Бош вазир ўринбосари ва қишлоқ хўжалиги вазирининг расми фотожурналистнинг Телеграм каналидан ўчиртирилди. Цензура(ми)?

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига ташрифи чоғида «Daryo» нашри фотожурналисти Мадина Нурман томонидан расмга олинган Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев ва қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаевнинг акс этган расм эълон қилинган биринчи манбасидан ўчиртириб ташланди.

«Daryo» нашри фотожурналисти Мадина Нурман 22 январ куни Президентнинг Бухорога ташрифи чоғида Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев ва қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаевни расмга олган ва бу расмларни бугун ўзининг Телеграм каналига жойлаган. Бироқ орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, бу расмлар фотожурналистнинг Телеграм каналидан ўчиртирилган.

Фотожурналистнинг Телеграм каналидан ўчиртирилган расмлар
Фотожурналистнинг Телеграм каналидан ўчиртирилган расмлар

«Расмлар ўчди, афсуски. Шуҳрат Ғаниевнинг ёнидаги вазир бошқа олинмайди расмга канал муаллифи томонидан. Интернетдан оламиз хабарларимизга керак бўлиб қолсалар. Минг бор узр», деб пост қолдирган Мадина Нурман Телеграм каналида.

Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятидаги ташрифи давомида расмдаги иккала мансабдор ҳам қишлоқ хўжалиги анча орқадалиги ва аҳвол ёмонлиги сабаб қаттиқ огоҳлантирган.

Расмларнинг фотожурналистнинг Телеграм каналидан ўчиртирилишига блогер ва журналистлар муносабат билдиришди.

«Нима учундир ушбу суратлар Мадина Нурман каналидан ўчиртирилибди, ўшанчун атайин ўзимга жойлаб қўйдим, иккинчи марта кўнгли ўта нозик амалдорларимиз ниманидир ўчиртиришдан олдин сал ақлини ишлатиб, ўйлаб кўришсин» деб, ушбу ўчиртирилган расмларни ўзининг Телеграм каналида қайта жойлаб, муносабат билдирган блогер Хушнуд Худойбердиев.

«Шуҳрат Ғаниевнинг орқасидан сизга қараб турган бу одам — Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев. У Бухорода президент Шавкат Мирзиёевдан гап эшитган, олдидаги одам билан бирга. Бу сурат ҳозирда эълон қилинган биринчи манбасидан ўчириб ташланган.

“Кўнгли ўта нозик амалдорларимиз ниманидир ўчиртиришдан олдин сал ақлини ишлатиб, ўйлаб кўришсин”, — деб ёзяпти Хушнуд (интернетдаги суратинг ҳақида эмас, президентдан нега гап эшитганинг ҳақида ўйла, дегин). “Шуҳрат Ғаниевнинг ёнидаги вазир бошқа олинмайди расмга”, — деяпти сурат муаллифи Мадина Нурман (алдаяпти, шунақанги олинадики энди суратга)» дея муносабат билдирган «Daryo» бош муҳаррири Муҳрим Аъзамхўжаев.