Босқинчилар ушланди, жиноятда вояга етмаганлар ҳам бор

Босқинчилар ушланди, жиноятда вояга етмаганлар ҳам бор

Маълум қилинишича,  2021 йилнинг 1 март куни соат 18:30 ларда номаълум шахслар  Қўқон шаҳар Туркистон кўчасида жойлашган кўп қаватли уйнинг ёнида 20 ёшли Махсуджон И.,нинг йўлини тўсиб ҳужум қилиб, унинг юз қисмига мушт билан уриб, ўзларида бўлган пичоқ билан ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, Махсуджон И.,га тегишли нархи 5.000.000 сўмлик “Samsung Galaxy A 31” русумли уяли телефон аппаратини қўлга киритиб, ҳодиса жойидан яширинганлар.

Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари натижасида, ушбу жиноятни 19 ёшли Дилшод М., 18 ёшли Муҳаммадюсуф Р., вояга етмаган 17 ёшли Шаҳзодбек Т., ва 14 ёшли Абдулвосид Р.,лар содир этганликлари аниқланиб, улардан уяли телефон аппарати ҳамда бир дона ошхона пичоғи ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Дилшод М., Муҳаммадюсуф Р., Шаҳзодбек Т., ва Абдулвосид Р.,ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми “а,б” бандлари (Босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланганлар.

Таъкидлаш жоизки, Жиноят кодексининг нормаларига кўра, жиноятни содир этган шахс 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин