Бой берилган парламент

Бой берилган парламент

Ислом Каримов Ўзбекистонда муаммоларни ҳал қилиш учун авторитар тизим доирасида нималардир қилиш кераклигини яхши тушунарди. Шунинг учун, йилдан йилга авторитаризм қаттиқлашган сайин, у ҳуқуқий ва сиёсий ташаббуслар орқали вазиятни мувозанатга солишга, ижтимоий портлашнинг олдини олишга интиларди. Натижада, Каримов даврида Ўзбекистонда икки зиддиятли жараён кузатилган эди: ижтимоий-сиёсий тафаккурда яккашахс авторитаризми кучайган сайин қонунчиликда парламент ва партияларни, нодавлат институтларни “кучайиши” учун қадамлар қўйилган эди.

Шундай ташаббуслардан бири бу — қайси партия Қонунчилик Палатасида кўп ўрин олса, Бош вазир номзодини ўша партия олдинга суриш ташаббуси эди. Бамисоли, бу ғоя партиялар ўртасидаги рақобатни кучайтириши керак эди. Лекин, бу ғоя бугун нимага олиб келди?

Кейинги 15 йил ичида, Бош Вазир, бутун бошли Вазирлар маҳкамасининг фаолияти ЎзЛиДеП партияси ва франциясини қўллаб-қувватлашга қаратилди. Олдинги ва ҳозирги бош вазирлар ЎзЛиДеПдан кўрсатилган экан, уларнинг партиявийлиги ва номзодлиги ушбу партия билан боғлиқ бўлар экан, табиий равишда ҳукумат ушбу партияни чексиз молиялаш ва қўллаб-қувватлашни йўлга қўйди.

2004 йилда “Сиёсий партияларни молиялаш тўғрисида” қонуни қабул қилинди. Қонунга кўра, партияларни давлат ва нодавлат ташкилотлар томонидан чексиз молиялаш йўлга қўйилди. Тошкентда ЎзЛиДеПга собиқ вазирлик биноси тақдим қилинди, вилоятларда ҳам энг яхши бинолар олиб берилди. Бутун ҳукуматнинг ресурслари ушбу партияни ривожлантиришга қаратилди.

Лекин, Қонунчилик палатасидаги жойлар сони бор йўғи 150 та ўрин. Демак, ЎзЛиДеПнинг катта ўрин олишини таъминлаш бошқа партияларни чеклаш ҳисобига ҳам бўлди. Бош вазир ва аксарият юқори мулозимлар ўз курсиларини (аниқроғи, юзларини) сақлаб қолиш ҳақида гап кетар экан, Ўзбекистонда партиялар ўртасида ҳақиқий рақобат бўлиши ҳақида гап кетиши мумкинми?

Ўзбекистон ҳукумати – Бош вазир ва Вазирлар Маҳкамасининг бутун ресурслари очиқ-ойдин ЎзЛиДеП тарафида бўлар экан, қолган партиялар ва уларнинг номзодлари ҳукумат ресурслари билан ҳокимият босимларига қарши мустақил ва рақобатбардош бўлиши мумкинми? Шу йилги сайлов натижаларига қаралса, олдинги чақириқдаги фракциялар улуши салкам тўлиқ сақлаб қолинди. Ягона фарқи – ХДП учинчи ўриндан, тўртга тушди. Сабаби – ЎзЛиДеП ташкил топганда ХДП унинг асосий рақиби ва танқидчиси эди.

Энди асосий масала: Собиқ Бош вазир Мирзиёевнинг манфаатлари, бугунги Президент Мирзиёевнинг манфаатларидан тўлиқ фарқ қилади. Бош Вазир Мирзиёев Каримовнинг босими ва тергови остида эди. Бош вазир ўз мавқеини сақлаб қолиш учун, бугунги тизимдан манфаатдор бўлиши табиий эди. Лекин, Президент Мирзиёевнинг манфаати эса – Ўзбекистон сиёсий тизимини катта инқирозларсиз, бўҳронларсиз трансформация қилиш ҳисобланади.

Мен янги парламент депутатлари ва сенат аъзоларининг малакаси билан, кимлар депутат ёки сенатор бўлди-ю, қаерларда ишлагани билан, уларни қандай қонунчилик ва сиёсий лойиҳалари борлиги билан жиддий қизиқдим. Айтишим керак, ноиблар, дунёқараши, малакаси ва сиёсий зеҳниятига кўра, олдинги чақириқлардан умуман фарқ қилмайди.

Ҳозирги сайлов тизими ва парламент, нимаси билан, Президент Мирзиёев учун хавфли? Жорий Парламент, фақат бош вазир ва вазирлар маҳкамаси учун жуда қулай. Сабаби, бу парламент ҳукуматни танқид қилмайди, унга босим шакллантирмайди, ҳокимият тармоқларини самарали ишлаши учун қўшимча сиёсий зўриқиш муҳитини шакллантирмайди. Яъни, Парламент жамият учун легитимлик маркази, жамиятдаги муаммоларни аниқловчи ва ҳал қилувчи энг олий минбар бўлмайди.

Натижада, Ўзбекистонда 27 йил давомида йиғилган колоссал ижтимоий-сиёсий зўриқишлар босими яна Президент гарданига юкланади. Ва кейинги йилларда ижтимоий танқидларнинг, норозиликларнинг марказий объекти яна ва фақат Президент бўлади.

Янги ҳокимият парламентаризм ва партиялар борасида янги дунёқарашга эга бўлади ва янги ўйин қоидасини амалга оширади, деб ўйлаган эдим. Лекин, ҳокимиятда, жамиятнинг муаммоларидан ва норозиликларидан кўра, мустақилроқ парламентдан қўрқув кучлироқ бўлаяпти. Кейинги йилларда ижтимоий муаммолар ва норозиликлар сифат жиҳасидан юқори даражада кўриниш берганида ҳокимият зудлик билан нималардир қилишга ҳаракат қилади.

Лекин, сайловлар орқали Парламентга энг малакали ва энг мустақил зеҳниятдаги шахсларни тўплаш имконияти бой берилди. Аслида, мустақил парламентдан қўрқиш учун бугун ҳеч қандай сиёсий асослар йўқ эди. Ҳозирги Ўзбекистон сиёсий маданиятида ҳокимиятни ашаддий танқид қилиш зеҳнияти мутлақ мавжуд эмас. Энг танқидий руҳдаги малакали шахсларнинг парламентга йиғилиши эса, Президент мавқеини заифлаштириш, вазиятни чайқаш салоҳиятига эга эмасди.

Афсуски, олдин шаклланган қонунчилик ва шаклланган сиёсий анъаналар, Янги Ўзбекистонга эски кўринишдаги ва тафаккурдаги парламентни берди. Бу, табиийки, Президент Мирзиёев ва Янги Ўзбекистон учун жиддий йўқотиш ҳисобланади.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.