Бразилия президенти махфий маълумотларни ошкор қилишда айбланмоқда

Бразилия президенти махфий маълумотларни ошкор қилишда айбланмоқда

Бразилия президенти Жаир Болсонаро 2018 йилда мамлакат сайлов тизимига хакерлик ҳужуми уюштирилиши ҳақидаги материалларнинг ошкор қилиниши бўйича терговда айбдор деб топилди. Бу ҳақда “Российская Газета” хабар берди.

Маълум бўлишича, мазкур иш бўйича тергов жараёни тўртинчи марта ўтказилди. – Президентнинг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлари орқали Федерал полиция тергови ҳақидаги махфий маълумотлар ошкор қилинган, бу Бразилияда сайлов жараёнига тўсқинлик қилиш мақсадида содир этилган, – дейилади суд қарорида.

Аввалроқ Болсонаронинг ўзи ижтимоий тармоқларда 2018 йилда Бразилия президентлик сайловлари ўтказилаётган пайтда Олий сайлов судига хакерлик ҳужумлари уюштирилганини эълон қилган эди.

Хабарларга кўра, Бразилия президенти Федерал полиция ишига аралашиш, Covaxin вакцинасини сотиб олиш бўйича шартномани бузиш ва электрон овоз бериш тизимига ёлғон маълумот тарқатиш бўйича терговда асосий гумондор ҳисобланади.