Бразилияда коронавирусга қарши эмлаш вакцина танқислиги сабаб тўхтатилди

Бразилияда коронавирусга қарши эмлаш вакцина танқислиги сабаб тўхтатилди

Бразилиянинг бешта штати вакцина етишмаслиги сабабли коронавирусга қарши эмлашни тўхтатди, деб хабар бермоқда маҳаллий телеканал Globo.

Маълумотларга кўра, эмлашлар Рио-де-Жанейро, Баия, Мату-Гросу, Сальвадор ва Куяба шаҳарларида тўхтатилган. Телеканал маълумотларига кўра, ушбу шаҳарларда вакцинанинг биринчи дозасини олганлар иккинчи доза билан эмланиши мумкин. Ҳали биринчи дозани қабул қилмаганлар вакцинанинг янги партияси келгунича эмланмайди.

Таъкидланишича, Рио-де-Жанейро шаҳри мэри Эдуардо Паэс пойтахтда эмлашлар вакцина танқислиги сабабли келаси ҳафтагача тўхтатилишини айтган.

«Менга янги дозалар ҳали келмаганлиги ҳақида хабар беришди. Шу муносабат билан биз эмлаш кампаниямизни тўхтатишга мажбур бўламиз», — деб ёзган шаҳар мэри Twitter’даги саҳифасида.

Унинг сўзларига кўра, шаҳарда аллақачон 245 минг киши эмланган ва эмлаш кампанияси келаси ҳафта Хитойнинг CoronaVac вакцинасининг янги партияси келиши билан қайта бошланади.

Жонс Ҳопкинс университетининг маълумотларига кўра, COVID-19 касаллигига чалиниш бўйича Бразилия дунёда АҚШ ва Ҳиндистондан кейин учинчи ўринда туради. Пандемия даврида мамлакатнинг 9 миллиондан ортиқ аҳолиси коронавирус билан касалланган, касалликдан вафот этганлар сони 200 мингдан ошади.