Британияда коронавируснинг яна бир янги варианти аниқланди

Британияда коронавируснинг яна бир янги варианти аниқланди

Британияда коронавируснинг 10та давлатда, жумладан, Дания, Австралия ва АҚШда тарқалишга улгурган янги мутацияси аниқланди. Олимларни янги мутация вирусни антитаналарга нисбатан бардошлироқ қиладиган хусусиятга эгалиги ташвишлантирмоқда. 

The Guardian нашрининг шотландиялик олимларга таяниб хабар беришича, янги штамм B1525 деб ном олган. Эдинбурглик мутахассислар ушбу штаммни Дания, Британия, Нигерия, АҚШ, Франция, Гана, Канада, Австралия, Иордания ва Испанияда олинган намуналарни таҳлил қилиш ёрдамида аниқлашган.  

Нашр маълумотларига кўра, ушбу штамм билан илк касалланиш ҳолатлари 2020 йил декабрь ойига тўғри келмоқда.  

Олимларнинг таъкидлашича, вируснинг янги варианти Британияда кенг тарқалган B117 штаммидан тожсимон оқсилидаги Е484К мутацияси билан фарқланади. Бу мутация эса вирусни антитаналарга нисбатан бардошлироқ қилади.

Ушбу вазият ортида шотландиялик мутахассислар ҳукуматни вируснинг янги варианти аниқланган ҳудудларда кўпроқ тест ўтказишга чақиришган.

10 февралда ЖССТ Британияда аниқланган штамм ўтган ҳафта яна 6та давлатда аниқлангани ва у тарқалган давлатлар сони 86тага етганини маълум қилди. Шунингдек, вируснинг дастлаб ЖАРда (501Y.V2), Бразилия ва Японияда (P.1) аниқланган турларининг ҳам географик тарқалиши кенгайди.