«Бу дунёдаги энг хавфсиз реактор» — Алишер Султонов Ўзбекистонда қуриладиган АЭС ҳақида

«Бу дунёдаги энг хавфсиз реактор» — Алишер Султонов Ўзбекистонда қуриладиган АЭС ҳақида

Энергетика вазири Алишер Султонов Кирилл Альтманнинг Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида Ўзбекистонда атом электр станцияси (АЭС) қурилиши ҳақида гапирди.

Spot’нинг ёзишича, у атом энергиясининг тоза эканлиги — атмосфера зарарланмаслиги, чиқиндилар ажралиб чиқмаслигига эътибор қаратди. Бундан ташқари, Ўзбекистон ядро ёқилғиси соҳасида катта ресурсларга ва ядро фани борасида бой тарихга (50 йилдан ортиқ) эгалигини айтган.

«Ундан фойдаланмаслик гуноҳ», — деб таъкидлаган вазир.

Алишер Султонов, шунингдек, мамлакат учун танланган реактор (ВВЕР-1200) дунёдаги энг хавфсиз эканлигини таъкидлади — у нафақат Чернобил, балки Фукусимадан кейинги воқеаларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган, чунки у бугунги кунда Чернобилда юз берган ҳодиса каби ҳолатларнинг олдини олишга имкон берадиган қурилмага эга ягона реактор.

«У ерда хавфсизлик тизими бир неча босқичда шу қадар ишлаб чиқилганки, Боинғга тўғри зарба беришга мўлжалланган», — деб қайд этган Алишер Султонов.

Шунингдек, айни пайтда катта тушунтириш ишлари олиб борилаётгани, чунки жамоатчилик фикри МАГАТЕ (Халқаро атом энергияси агентлиги)нинг асосий талабларидан бири эканлигини таъкидлаб ўтган. Вазир АЭС нафақат энергия, балки жуда кўп иш ўринлари яратиладиган, шунингдек, нафақат илм-фан, балки миллий иқтисодиётнинг кўплаб тармоқларини ривожлантирадиган «катта қурилиш» эканлигини айтган.

«Нега биз қаердадир орқада туришимиз керак?», — дея савол берган вазир.

Ўзбекистон атом электр станциясини қуриш учун олмоқчи бўлган кредитга келсак, Алишер Султоновнинг фикрича, мамлакатнинг ташқи қарзлари ҳақидаги гаплар бўрттирилган.

«Бутун дунё ‘бировнинг пули’ тамойилида яшайди, бу нарса ҳамма жойда бор, давлат қарзи триллионлаб долларга баҳоланган АҚШни олайлик. Ҳар қандай йирик лойиҳадан аввал ҳисоб-китоб қилинади. Ҳар гал кредит олганимизда уни кимга ва қандай қайтариш кераклигини жуда яхши тушунамиз. Бировга қарамлик ҳақида гапнинг бунга нима алоқаси бор? Объект объект учун қурилмаяпти, биз АЭСни шунчаки қуришни хоҳлаганимиз учун қурмаймиз. У фойда олиб келади. Буларнинг ҳаммасининг ҳисоби олинган. Ушбу лойиҳадан пулларни қайтара олишингизга кўзи етмаса, ҳеч ким сизга кредит бермайди», — дейди вазир.

2019 йилда «Росатом» раҳбари Ўзбекистонда АЭС бўлишининг иқтисодий фойдаси ҳақида гапирганди. Унинг айтишича, АЭСга инвестиция қилинган ҳар бир доллар маҳаллий етказиб берувчиларга 1,9 доллар, мамлакатнинг ялпи ички маҳсулотига 4,3 доллар ва солиқ тушумлари шаклида бюджетга 1,4 доллар даромад келтириши мумкин.

«2019—2029 йилларда Ўзбекистон Республикада атом энергетикасини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Президент қарорига кўра, Ўзбекистон атом электр станцияси қурилишини 2022 йилдан эрта бошламайди.

Ҳужжатга кўра, мамлакатдаги илк атом электр станциясини барпо этиш уч босқичда амалга оширилади. Биринчи босқич — 2019—2020 йилларда АЭС қуриладиган жой аниқланади, 2020—2021 йилларда лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. 2022 йилдан эса объект қурилишига киришилади.

Россия дизайни асосида қуриладиган ушбу АЭС қиймати тахминан 11 миллиард долларга баҳоланган.