«Бу сенгача ҳам бўлган, сендан кейин ҳам бўлади, дейдиганлар бор» – Акмал Бурҳонов

«Бу сенгача ҳам бўлган, сендан кейин ҳам бўлади, дейдиганлар бор» – Акмал Бурҳонов

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов вазирлик ва ташкилотларда агентлик фаолиятини хушламаётганлар борлигини, кўплаб раҳбарлар ўзлари коррупция ҳақида маълумот бераётгани баробарида «бу ишга тегинма» дейдиган мансабдорлар ҳам учраётганини айтиб ўтди.

«Давлат органларида шу пайтгача ўнлаб инспекциялар тузилди. Уларнинг асосий вазифаси – коррупция ҳолатлари билан боғлиқ хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш. Улар бирорта ҳолатни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чиқаришмаяпти.

Кимдир ўйлаши мумкин, демак, коррупция йўқ. Лекин мурожаатлар орқали ички ишлар ва прокуратура органлари жиноий иш қўзғаб, жавобгарликка тортишмоқда. Aслида бу нарсани ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эмас, инпекцияларнинг тақдимномалари асосида амалга ошириш керак. Aйрим вазирликларжа «бюрократия оддий ҳолат, шундай бўлиши керак» дейдиган мансабдорлар ҳам бор.

Коррупцияга қарши курашиш ҳақида гап кетганда «Бу сенгача ҳам бўлган, сендан кейин ҳам бўлади” деганлар бўлган. Aслида буни агентлик эмас, тизим аниқлаб бериши керак. Кўплаб коррупцион ҳолатлар борки, қонун билан тартибга солинмаган. Ҳаттоки «шу мумкин эмас» деган нарсанинг ўзи йўқ. Шу боис ҳам менга бемалол «аралашма» дея олишади
», – дейди у «Aмерика овози»га берган интервюсида.

Аксилкоррупция агентлиги раҳбарининг таъкидлашича, тизимдаги коррупцияни йўқотишдан манфаатдор бўлган, бунинг учун илк кунларданоқ ҳамкорликда ишлаб келаётган раҳбарлар ҳам бор. У Кадастр агентлиги директори, қишлоқ хўжалиги, халқ таълими вазирларини мисол қилиб келтирган.

«Aгентликда фаолият бошлаганимда Кадастр агентлиги раҳбари ўзи қўнғироқ қилиб: «Бизда жуда кўп коррупцион ҳолатлар бор, мен ўзим ҳам биламан, ёрдам беринглар», деганди. Ёки бўлмаса қишлоқ хўжалиги, халқ таълими вазирлари мурожат қилиб: «Бирга ишлайлик, биз ҳам кураша олмаяпмиз, чунки тизим катта» деб айтишган. Бор бундай идоралар.

Давлат раҳбари вазирлик ва идораларда коррупцияга қарши мувофиқлик тизимини жорий этиш масаласини қўйдилар. Биз 26 та вазирлик-идорада бошладик. Лекин айримлар буни хоҳлашмаяпти. Фаолиятини яширишга ҳаракат қилишмоқда.

Аксар вазирлик ва идораларда [тизимдаги қоррупцияга қарши курашувчи] ўз инспекциялари бор. Унда ўнлаб одам ишлайди. Лекин бирор натижа кўрсатмаган. Улар фақат коррупцион ҳолатни келтириб чиқариб, уни ёпти-ёпти қилиш билан шуғулланган
», дейди Акмал Бурҳонов.