Бу йил ОТМга тест синовлари муддати, фанлар сони ўзгардими? 

Бу йил ОТМга тест синовлари муддати, фанлар сони ўзгардими? 

Бугун АОКА анжуманлар залида таълим соҳасига оид энг сўнгги янгиликлар юзасидан онлайн-брифинг бўлиб ўтди. Унда Давлат тест маркази директори Маджит Каримов муҳим савол ва мурожаатларга жавоб қайтарди.

— Бу йил ОТМга тест синовлари муддатлари ўзгардими? 

— Йўқ. Кириш тест синовлари июль-август ойларида ўтказилиши белгиланган.

Тест синови ўтказиладиган бинолар ҳудудида санитария-гигиена талабларига қатъий риоя қилинади.

— Бу йилдан тест синовлари 5 та фандан ўтказилиши эълон қилинган эди, карантин муносабати билан ўзгартиришлар борми?

— Тест синовларини соддалаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилмоқда. 

Бу масалада қабул қилинган қарорлар тез кунларда Давлат тест марказининг сайтида ва оммавий ахборот воситаларда ҳам эълон қилинади.

— Бу йили абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш жараёни қандай бўлади? 

— Бу борада ушбу тартиблар кўриб чиқилмоқда:

- рўйхатга олишда киритиладиган маълумотларни камайтириш;

- абитуриентларни рўйхатдан ўтказишни Давлат хизматлари марказлари; 

- Ягона интерактив давлат хизматлари портали, Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали онлайн режимда амалга ошириш;

- абитуриентга уйидан чиқмаган ҳолда мобил телефон (компьютер) ёрдамида рўйхатдан ўтиш имкониятини яратиш.

— Ҳарбий тавсияномалардан бу йил ҳам фойдаланса бўладими?

— Тавсияномалар улар берилган санадан бошлаб, уч йил мобайнида амал қилади. 

— Тест топшириқлари қандай соддалаштирилади?

— Ҳар бир вариантда қўлланиладиган биринчи қийинлик даражасидаги тест топшириқлари сони ўртача 10 тагача етказилмоқда.