Букмекерлик фаолиятини тартибга солувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш таклиф этилмоқда

Букмекерлик фаолиятини тартибга солувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш таклиф этилмоқда

Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан букмекерлик фаолиятини қонун жиҳатдан тартибга солиш мақсадида қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш таклиф этилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикасининг баъзи қонунларига, хусусан, Фуқаролик кодекси, Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Солиқ кодекси ва бошқа қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилмоқда. Жумладан, букмекерлик фаолиятини амалга ошириш механизмлари, лицензия бериш тартиб-таомиллари, букмекерлик фаолиятини амалга оширишдаги чекловлар, букмекерлик соҳаси устидан давлат назорати, қимор ва гаров ўйинларида иштирок этувчи жисмоний шахслар учун қўйиладиган талаблар, шунингдек, вояга етмаган шахсларни қимор ва гаров ўйинлари (беттинг)дан ҳимоя қилиш масалалари  ҳамда букмекерлик фаолияти қоидаларини бузганлик, келишилган ўйинлар ўтказиш ва уларда қатнашиш учун жавобгарликни белгилашга оид нормаларни акс эттириш мақсад қилинган.

Депутат Дониёр Ғаниевнинг ёзишича, кеча ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида ҳам ушбу масала муҳокама қилинган. 

Депутат қонун лойиҳасида фақатгина мамлакатда рўйхатдан ўтган юридик шахслар томонидан Республика ҳудудида букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш ҳамда букмекерлик хизматини кўрсатувчи барча норезидент компанияларига Ўзбекистон банк тизимидан тўловлар амалга оширилишини тақиқлашни таклиф қилган. 

Шунингдек, букмекерлик фаолияти рекламаси ва тарғиботига рухсат бермаслик, жисмоний шахсларга қимор ўйинларида ўйнаши рухсат этиладиган пул миқдорларининг максимум чегарасини белгилаш каби нормаларни ҳам акс эттириш таклифини илгари сурган