Бутун Покистонда 200 миллион киши электр токисиз қолди

Бутун Покистонда 200 миллион киши электр токисиз қолди

Бутун Покистон ҳудуди электр энергиясидан узилиб қолди, деб ёзади “РБК”. Бу ҳақида маҳаллий Dawn газетаси мамлакат энергетика вазири Умар Аюб баёнотига таяниб хабар берган.

Вазирнинг сўзларига кўра, узилиш натижасида бутун мамлакат ҳудуди бўйлаб қарийб 200 миллион киши электр токисиз қолган. Узилишлар Покистоннинг Карачи, Исломобод, Лаҳор, Мултон, Касур каби йирик шаҳарларида ва бошқа шаҳарларда ҳам кузатилди.  Покистон энергетика вазири вазиятни шахсан ўзи назорат остига олганига ишонтирди. У аҳолини юзага келган вазиятда хотиржамликни сақлашга чақирди. Унинг қўшимча қилишича, Покистон ҳукумати энергия узатилишини Тарбелдаги электростансия орқали қисман қайта тиклашга уринмоқда.

Нашр  маълумотларига кўра, узилишга электр энергиясини тақсимлаш тизимидаги техник носозлик сабаб бўлган. Ўз навбатида, бош вазирнинг махсус ёрдамчиси Шаҳбоз Гилл маълум қилишича, энергетика вазири ва бутун идора авария сабабларини аниқлаши керак бўлади.