Бутунжаҳон туризм ташкилоти йиғилиши Регистонда онлайн очилди

Бутунжаҳон туризм ташкилоти йиғилиши Регистонда онлайн очилди

Бирлашган миллатлар ташкилотининг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Европа минтақавий комиссисининг 65-йиғилишига Самарқанд мезбонлик қилмоқда. Тадбирни Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов очиб берди.

UNWTO Европа минтақавий комиссиси йиғилиши 65-сессиясининг асосий мавзуси пандемиянинг туризмга таъсири ва унинг оқибатларидан тикланиш масаласига қаратилди.

Тадбир Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдухакимов ҳамда минтақавий комиссия раиси – Греция Туризм вазири Гарри Теохарис нутқлари билан очилди.

Азиз Абдуҳакимов иштирокчиларни Ўзбекистонда пандемия даврида соҳани ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишлар билан таништирди. Шу ўринда у давлат раҳбарининг 28 майдаги “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва “Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига тўхталиб ўтди. 

UNWTO Бош котиби Зураб Пололикашвили нутқидан сўнг Европа департаменти директори Алиссандра Прианте COVID-19 даврида Европада олиб борилган ишлар ҳамда келгусидаги ташаббусларга доир маълумот берди. Шу билан бирга, йиғилишдан “COVID-19’га жавоб сиёсати” мавзусида вазирлараро муҳокамалар ҳамда UNWTO ва Халқаро молия корпорациясининг яшил молиялаштириш инструменти мавзусидаги маърузалари ўрин олди.

Бундан ташқари, тадбир иштирокчилари навбатдаги 66-йиғилишни тўлиқ форматда ўтказиш масаласини муҳокама қилишди.

Тадбир якунига кўра, 2021 йилда UNWTO ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда туризм соҳасида инвестициялар мавзусидаги халқаро конференцияни Ўзбекистонда ўтказишга доир келишувга эришилди.