Бухоро вилояти ҳокими коронавирусга чалинди

Бухоро вилояти ҳокими коронавирусга чалинди

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповнинг коронавирусга чалингани ҳамда даволаниш учун Тошкент шаҳрига жўнаб кетгани маълум бўлди. Бу ҳақдаги хабарни тасдиқлаган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Олим Жўраев ҳоким касалликнинг енгил турини юқтирганини маълум қилди.

Матбуот котибининг таъкидлашича, Ботир Зарипов аҳоли ва фуқаролар билан учрашувларда ҳар доим улар билан яқин масофада бўлиб келган.

«Одамларни шу қадар яхши кўради ва ўзига жуда яқин олади. Уларга ҳурмат ва эҳтиром сифатида қўл чўзиб кўришади, ёши кекса отахон-онахонларга елка тутади. Бу эса шунча ҳимояланишга қарамай, касалликнинг енгил формасини юқтиришига олиб келган бўлиши мумкин», — дейди ахборот хизмати раҳбари.

«Дарё»га келиб тушган суратлардан маълум бўлишича, вилоят раҳбари аҳоли билан учрашувларда ниқобсиз бўлган.

Вилоят раҳбари даволанишдан олдин Бухоро шаҳридаги «Хўжа Мушкин» ҳамда «Зарафшон» маҳалла фуқаролар йиғинининг ободонлаштиришдан кейинги очилиш маросимларида қатнашган. Бироқ, 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган Президент ҳамда ёшлар учрашида иштирок этмаган.

«Айни пайтда вилоят раҳбари саломатлигида манфийлик аниқланган ва у бир неча кунги муолажаларни ўтаб, Тошкент шаҳридан Бухорога қайтмоқда», — деди Олим Жўраев.

Бундан ташқари, вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Шаҳриёров ҳамда ҳокимнинг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Феруза Ибрагимова ҳам айни кунда саломатлигини тиклаган ва ишга қайтган.

«Турли миш-миш ва ноўрин гап-сўзларга ҳожат йўқ. Тўғри, касалликнинг енгил формасини ўтказдим ва мен вилоят юқумли касалликлар шифохонасида ўн кунча даволандим. Ўғлимда ҳам касаллик кузатилгани боис, унга ҳам муолажалар олдик. Шукурки, ҳозир саломатмиз. Соғлигимизнинг тўла тикланиши учун қайғурган тиббиёт соҳаси ходимларига миннатдорлик билдирмоқчиман», — деди Феруза Ибрагимова «Дарё» мухбири билан телефон орқали суҳбатда.

Мазкур хабар сайтда эълон қилиниши арафасида Ботир Зариповнинг матбуот котиби Олим Жўраев «Дарё» мухбирига қўнғироқ қилиб, ҳоким билан телефон орқали мулоқот қилганини, ҳоким Тошкент шаҳрига даволаниш учун эмас, оилавий дам олиш учун кетганини айтиб, хабарда ҳам шундай деб ёзишимизни илтимос қилди.