Бюджет маблағларини "еб юборганлик" учун жазо кескин кучайтирилмоқда

Бюджет маблағларини

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик чораларини кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди.

Жиноят кодекси лойиҳасида "коррупцияга оид жиноятлар" тушунчасига аниқ таъриф берилмоқда ва 15 турдаги жиноятлар бу тоифага киритилмоқда.

Муҳим ўзгариш сифатида коррупцияга оид жиноятлар учун жазо чоралари кескин кучайтирилмоқда.

Эндиликда, ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш ёки фирибгарлик жиноятларини мансаб мавқейини суиистеъмол қилиш ёки хизмат мавқейидан фойдаланиб содир этиш қилмишлари учун 10 йилгача (илгари 5 йилгача) озодликдан маҳрум қилиш жазоси киритилмоқда.

Шунингдек, пора олиш, пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш жиноятлари учун 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.

Энг асосийси, порахўрлик жиноятларини содир этган шахслар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинмаслиги ва жазо енгилроғи билан алмаштирилмаслиги ва бошқа қатор долзарб ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.