Украинадаги Чернобиль АЭСга электр таъминоти қайта тикланди. Бу ҳақда мамлакат энергетика вазири Герман Галушенко маълум қилди.
«Бугун ‘Укрэнерго’ МЭК мутахассислари, атом олимларимиз ва электрикларимизнинг ажойиб саъй-ҳаракатлари туфайли Чернобиль АЭСнинг электр таъминотини тикланди», — деб ёзди Герман Галушенко.
Чернобиль АЭСнинг қувватсизланиши 9 март куни маълум бўлди. Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба захира дизель генераторлари станция ва унинг объектларини 48 соат давомида қувват билан таъминлашини, шундан сўнг фойдаланилган ядро ёқилғисини сақлашни совутиш тизими ўчиши, бу эса радиация оқиб чиқишига таҳдид солишини таъкидлади.
Эртаси куни Россия томони Чернобиль АЭСни электр энергияси билан таъминлаш Беларусь томонидан амалга оширилганини эълон қилди.