Чет эл фуқароларига Ўзбекистонда кўчмас мулк олишлари енгиллашди

Чет эл фуқароларига Ўзбекистонда кўчмас мулк олишлари енгиллашди

“Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, қуйидагилар жорий этилади: 

қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни мулк ҳуқуқи асосида аукцион орқали сотишда тўловларни 3 йилгача бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат этилади;

бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилган давлат активлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича камида 35 фоизи миқдоридаги дастлабки тўловни бирйўла амалга оширган харидорларга мазкур мулкларни кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш ҳуқуқи берилади.

2022 йил 1 майдан рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган хорижий давлатлар фуқароларига Ўзбекистонда  яшаш гувоҳномасини талаб қилмаган ҳолда, янги барпо этилаётган қуйидаги кўчмас мулк объектларини сотиб олиш тарзида инвестиция киритиш ҳуқуқи берилади:

Тошкент вилояти, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида – қурилиш даврида тузилган шартномаларга асосан қиймати 150 минг АҚШ доллари эквивалентидан, фойдаланишга қабул қилинган кўчмас мулк объектларида қиймати 180 минг АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган кўчмас мулк объектлари;

бошқа ҳудудларда – қурилиш даврида тузилган шартномаларга асосан қиймати 70 минг АҚШ доллари эквивалентидан, фойдаланишга қабул қилинган кўчмас мулк объектларида қиймати 85 минг АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган кўчмас мулк объектлари.

Бунда, мазкур кўчмас мулк объектларини сотиб олиш хорижий давлатлар фуқароларига Ўзбекистонда доимий рўйхатдан ўтиш ва яшаш гувоҳномасини олиш учун асос бўлмайди.

Хорижий мамлакатлар фуқароларига кўчмас мулк сотиб олиш шарти билан Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасини олиш учун талаб этиладиган кўчмас мулк қиймати миқдори Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида 400 минг АҚШ долларидан 300 минг АҚШ доллари эквивалентигача камайтирилди.