Чет элга кетаётган фуқаролар эмланган бўлиши шартми?

Чет элга кетаётган фуқаролар эмланган бўлиши шартми?

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева АОКАда бўлиб ўтган брифингда СOVID-19га қарши вакцинация борасидаги аҳоли саволларига жавоб қайтарди.

Вакцина олишдан бош тортганларга нисбатан жазо чоралари кўриладими?

Бу борада кўп маълумотлар бериб борилмоқда. Яъни эмлаш жараёни мажбурий эмас. Бироқ, вакцинадан бош тортишдан аввал коронавирус касаллиги билан касаллангандан кейинги кузатиладиган асоратлар тўғрисида ҳам ўйлаб кўриш керак, деб ҳисоблаймиз.

Чет элга кетаётган Ўзбекистон фуқароларидан эмланиш талаб этиладими?

Ҳар бир давлатда белгилаган талаб ва тартибларига кўра эмланиш керак, яъни сиз бормоқчи бўлган давлатнинг талабларида эмланганлик мажбурий деб белгиланса, шунга қараб вакцинация талаб этилади.

Тармоқларда олий таълим муассасаларида коронавирусга чалинган талабалар учраётгани, аммо бу ҳақида маълумот ошкор қилмаётгани айтилмоқда. Бугунги кунда олий таълим муассасаларида вазият қандай?

Ҳар бир Олий таълим муассасаларида касалликни эрта ташхислаш ва биринчи ёрдам кўрсатиш ҳамда даволаш учун махсус изоляторлар ва блоклар шакллантирилган.

Талабаларни таълим олиш жараёнларида махсус фильтрлар, тана ҳароратини ўлчаш, антисептик воситалар билан қўлларни ишлов бериш, ниқобларни тақиш ва масофани сақлаш бўйича доимий назорат олиб борилади. Бунинг учун, Олий таълим муассаларида махсус тиббиёт ходимлари бириктирилган.

Бугунги кундаги ҳолат ҳақидаги маълумотлар ошкора, ҳозирда бир неча олий таълим муассасалари  2 ҳафталик онлайн ўқиш жараёнига ўтишаётгани тўғрисида ОАВларда доимий маълумотлар ёритилиб борилмоқда.

Яъни ҳар бир ОТМларда коронавирусдан ҳимояланиш бўйича карантин қоидалари ва тадбирларини доимий равишда назорати олиб борилмоқда. Кейинчалик ҳам бирор янги ҳолат аниқланса, ОАВларда ва ижтимоий тармоқларда аниқ ёритилиб борилади.