ЧEТ ЭЛЛАРДАГИ ЎЗБEКЛАР НEГА ЎЗБEК ТИЛИНИ УНУТИШЯПТИ?

ЧEТ ЭЛЛАРДАГИ ЎЗБEКЛАР НEГА ЎЗБEК ТИЛИНИ УНУТИШЯПТИ?

Яқин пайтларгача ўзбеклар ўзлари туғилиб-ўсган ерга содиқ халқ саналарди. Чет элларга борса ҳам, айланиб, яна ўз қишлоғига қайтиб келаверишарди. Лекин, ХХ аср сўнгги - ХХI аср бошларидан бу одат ўзгарди. Ўзбекистон аҳолисининг камида тўртдан бир қисми тирикчилик ғамида чет элларга чиқиб кетишяпти. Уларнинг анча қисми эса борган давлатларида ўрнашиб, палак отишяпти. Сарлавҳадаги асосий мавзуга ўтишдан олдин, қуйидаги мисолларни келтирмоқчиман.

Америкалик таниқли гимнаст, икки марта жаҳон ва 2008 йилги олимпиада ўйинлари олтин медал эгаси Настя Люкин аслида Москвалик. 1992 йили у атиги уч ёшдалигида таниқли гимнаст ота-оналари ҳаёти бўйича йиққан бир неча минг долларни чўнтакка солиб, ҳайё-ҳут деб, Америкага кўчиб кетворишган. Янги дунёда гимнастика мактаби очиб, ишларини муваффақиятли равишда олиб боришган.

Настя ҳар йили оппоқ дадаси ва бувисини кўргани Москвага келиб туради. Бундан ташқари, ҳар куни улар билан телефонда ўрисча гаплашиб тургани учун, ўрисчани бинойидек билади. Шунга қарамай, ўрусиялик журналистларга суҳбат берганида инглизча гаплашади. Сабабини эса "хато қилиб қўйсам кулмасликлари учун" деб изоҳлайди.

Настянинг ота-онаси она-юртидан кўчиб кетиши мисоли жуда кўп ўзбекистонликлар билан бир хил. У бу ҳақда шундай ҳикоя қилади: "Улар келажакда ишлари ўнгидан келадими-йўқми, буни билишмаган. Лекин, барибир Ўрусиядан кетишган. Улар ўрис миллатига мансублар, мен ҳам барибир ўрисман ва миллатимни ҳеч қачон алишмайман. Шундай бўлса-да, мен ўзимни америкалик деб ҳис этаман, бундан воз кечолмайман. Бахтлиман. Ўрислигим ва Америка номидан мусобақаларга қатнашганим учун ғурурланаман".

Ўзбекларнинг миграция жараёнлари асосан 1920-1930-йиллардан бошлаган. Юзминглаб туркистонлик қизил болшевиклар зулмидан қутилиш учун она-юртларини ташлаб кетишган. Улар Туркияга 1948-йиллардан кейин кўчиб кела бошлаганлар.

Мен ўзим Туркияда ўқиб, яшаганман. Анча йиллардан бери Канадада яшайман. Менинг 2008 йили Измирда турк тилида чоп қилинган "Туркиядаги ўзбеклар" номли китобимда улар билан кўплаб суҳбатлар берилган. Юртдошларимизнинг асосий қисми она тилимизни соф ҳолда сақлаб қолганидан хайратга тушганман. Лекин, Саудия Арабистонидан келган ўзбеклар кейинги насллар ўзбек тилини унутиб, араблашаётганини афсус билан таъкидлашган. Ватан ҳасратида юрган юртдошларимиз "Туркиядаги невараларимиз эса турклашишяпти, ҳар қалай етти ёт бегона миллатга айланишмаяпти, чунки биз ҳаммамиз аслида туркмиз" деб, ўзларига тасалли беришганди.

Нега юқоридаги мисолларни келтирдим? Чунки, чет элларда, хусусан Америкада яшаётган ўзбекларнинг болалари она тилини унутиб, оммавий равишда инглизлашиб кетишяпти. Улар учун Ўзбекистон унчалик аҳамиятга эга эмас. Бошқа давлатларда туғилган ёки вояга етган кўплаб ўзбекистонликлар ҳақида ҳам худди шундай дейиш мумкин. "Нима учун"ми? Чунки:

Биринчидан, ўзбек тили Ўзбекистоннинг ўзида ҳурматга эга эмас;

  • иккинчидан, ўрисча билиш, гўёки, кишининг савияси юксак эканлигини белгилайди деган нуқта-и назар бор;
  • учинчидан, ўзбекларнинг ўзлари ўрисча гаплашишади ёки ўзбекча сўз ўрнига ўрисчасини қўллаб, аралаштириб гапиришади;
  • тўртинчидан, кўпчилик амалдорлар, айниқса, бошкент Тошкентдагилар давлат тилига писандсиз қарашади;
  • бешинчидан, бир халқнинг миллат ўлароқ шаклланишидаги асосий омил бўлган адабий тил нормаларига риоя этиш удумдан чиқиб боряпти;
  • олтинчидан, Америкада туғилгани учун автоматик равишда паспорт олиш ҳуқуқига эга бўлган ёки Америка ватандошлигини олган ўзбекистонликлар она-юртига келиб-кетиши қулай бўлиши учун зарур ҳуқуқий асослар яратилмаган. Ўзбекистон паспорти билан келиб, Нью-Йоркка қайтиш учун аэропортда паспорт назоратидан ўтишаётганида улардан Америка визаси ёки "Грин Кард"и борлиги сўралади. Уларда униси ҳам, буниси ҳам бўлмайди;
  • еттинчидан, бутунлай Америка юртдошлигига ўтган собиқ ўзбекистонликлар она-юртига келиши учун виза олишлари, Ўзбекистонда эса турар-жойларида вақтинчалик рўйхатдан ўтишлари, бунинг учун вақт сарфлаб, ички ишлар бўлимига боришлари зарур. Натижада, бундай даҳмазалар мавжуд бўлмаган бошқа ривожланган давлатларга боришни танловчилар сони ортиб боряпти;
  • саккизинчидан, ҳукуматнинг чет эллардаги ўзбеклар маданияти, тили ва урф-одатларини сақлаб қолишига қаратилган аниқ дастури йўқ;
  • тўққизинчидан, чет элларда ўтказиладиган тадбирларда ўзбек тили ўрнига кўпроқ ўрисча гапириш одати дипломатларни ҳалигача тарк этмаган. Бу ҳолат ёшларда ўзбек тилининг аҳамияти пастлиги ҳақида салбий тушунча яратади;
  • ўнинчидан, Америкадаги эркин ҳаёт билан Ўзбекистондаги аҳволни солиштирган ва кўпчиликнинг фикри қандай қилиб бўлса ҳам Ўзбекистондан чиқиб кетиш йўлини излаш билан банд эканлигини кўрган чет эллик ёшлар ота-боболари юртига қайтиб келиб, бутунлай қолиб кетишни хаёлларига ҳам келтиришмайди.

Ўзбек тилини билмайдиган ўзбек келиб чиқишини унутиб, бошқа миллатга сингиб кетиши қулайлашади. Тил эса тирик организмга ўхшаб, доимий парвариш ва ғамхўрликка муҳтождир. Агар, эътибордан четда қолса, худди сувсизликда қолган кўчат каби, қовжираб, сўлади.

Жамият ва одамлар онгидаги ўзгаришлар фақатгина тил билиш билан чекланиб қолмайди. Аслини олганда, чет элларда доимий яшаётган ўзбекистонликлар салоҳиятидан тўғри фойдаланилса, улар жамиятнинг ҳар томонлама илгарилашига катта ҳисса қўшиши мумкин. Ўзбек тилининг обрўсини кўтариш ҳақида йилда бир марта эсланадиган ўлкада ҳаётнинг ҳамма соҳаларида кескин ўзгаришлар бўлмас экан, чет эллик ўзбеклар наздида ўзбек тили борган сари таназзулга юз тутаверади.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.