"Чет эллик ўқитувчиларга шунча пул бериб, бизнинг ўқитувчилар нонини яримта қилаяпти" мазмунидаги гапларга вазир изоҳ берди

АҚШлик педагоглар харажатлари АҚШ томонидан, Россияликларники эса Россия томонидан қопланади. Улар бизнинг ўқитувчилар билан параллель равишда дарс ўтади, соатини олиб қўймайди. Хитойдан келаётган 1300 та компьютер синфлари харажатлари Хитой томонидан қопланади. Бу ҳақда Халқ таълими вазири ўзининг телеграм каналида ёзмоқда. 

Аввалги янгиликларга бу чет эллик ўқитувчиларга шунча пулни бериб, бизнинг ўқитувчилар нонини яримта қилаяпти деган маънодаги изоҳларни ўқиб, шу масалага ойдинлик киритиб қўйиш керак экан деб ўйладим: Президентимиз томонидан дунёдаги энг салоҳиятли давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиши ортидан ушбу давлатлар томонидан Ўзбекистондаги таълим ислоҳотларига кўмаклашиш учун катта грант маблағлари ажратилмоқда. Одатда, грант маблағлари ўзбек томонга пул кўринишида эмас, балки ўша давлат томонидан моддий (масалан, Хитойдан компьютерлар) ёки номоддий (АҚШдан ва Россиядан ўқитувчилар хизмати) ёрдам кўринишида берилади. Бундан ташқари яна кўплаб мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар ҳам ёрдам бермоқда.  Уларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.