Чигит воқеаси: Монополияга қарши курашиш қўмитаси айбдорларга нисбатан тегишли иш қўзғатди

Чигит воқеаси: Монополияга қарши курашиш қўмитаси айбдорларга нисбатан тегишли иш қўзғатди

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти ҳокими томонидан Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига чигит олиб чиқишга тақиқ қўйилгани, ҳокимнинг бу ҳаракатлари амалдаги қонунчиликка зид эканлиги кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг маълум қилишича, мазкур ҳолат бўйича қўмитага хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ўрнатилган тартибда харид қилинган пахта чигитини бир вилоятдан (шаҳардан) бошқа вилоятга (шаҳарга) олиб чиқишда муаммоларга дуч келаётганлиги юзасидан норозиликлар билдирган кўплаб мурожаатлар келиб тушаётганини маълум қилган.

Мазкур мурожаатларга асосан вилоят ҳокимликлари томонидан ҳудудлардаги ички ишлар органлари ходимларига вилоят ҳудудларидан пахта чигитини чиқармаслик тўғрисида топшириқ берилганлиги ва шунга кўра чегара пост хизматларидан чиқарилмаётганлиги билдирилган.

Лекин, биржа савдоларида республиканинг барча ҳудудларидаги ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ушбу чигит маҳсулотини сотиб олишлари мумкинлиги қонунчилик билан белгиланган бўлсада, ҳокимликлар чигитни фақатгина ушбу ҳудуддаги ишлаб чиқарувчилар томонидан сотиб олиниши ва ушбу ҳудуддан олиб чиқиб кетмасдан ишлатиши бўйича кўрсатма берилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг 8-моддасига мувофиқ, тадбиркорлик фаолияти субъектлари қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириши ҳамда ўз фаолияти йўналишларини, товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчиларни ва ўз товарларининг (ишларининг, хизматларининг) истеъмолчиларини мустақил равишда танлашга ҳақли эканлиги, 34-моддасига асосан давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти субъектларининг амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмаслиги кўрсатилган.

Давлат органларига, шунингдек уларнинг мансабдор шахсларига битимлар тузиш бўйича қарорлар қабул қилиш, тадбиркорлик фаолияти субъектларига кўрсатмалар ва бошқа фармойишлар бериш тақиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекснинг 354-моддасига асосан фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркин, шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди, шартноманинг шартлари тарафларнинг хоҳиши билан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 12-моддасига асосан давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий фаолиятига оқибатда рақобат чекланиши мумкин бўлган тарзда аралашиши тақиқланади, рақобатни ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситувчи ҳаракатларига, шу жумладан тегишли бозорни ҳудудий принцип бўйича, реализация қилиш ёки харидлар ҳажми бўйича, товарларнинг хиллари бўйича ёхуд товарларни сотувчилар ёки сотиб олувчилар, товар буюртмачилари доираси бўйича бўлиб олишга  йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси”нинг 178-моддасига асосан “Рақобат тўғрисида”ги қонун ҳужжатларини, “Табиий монополиялар тўғрисида”ги қонун ҳужжатларини ва “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ҳужжатларини бузилиши ҳолати бўйича тегишли жавобгарлик чоралари белгиланган.

Хабарда айтилишича, мазкур ҳолат Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилиб, барча вилоятлар ҳокимликларига ҳамда Ички ишлар вазирлиги ва вазирликнинг вилоят бошқармаларига бундай ҳаракатларни содир этилишига йўл қўймаслик бўйича тегишли чоралар кўриш юзасидан мурожаат қилинди.

Шунингдек, бугунги кунда қўмита томонидан Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоят ҳокимликлари ҳамда ушбу вилоятлар Ички ишлар бошқармаларига нисбатан тегишли иш қўзғатди.

Шу билан бирга, хабарда Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан хўжалик юритувчи субъектларга улар фаолият кўрсатаётган ҳудудидан қаътий назар қонуний харид қилинган махсулотларни бир ҳудуддан бошқасига олиб чиқиб кетишда муаммолар юзага келган тақдирда қўмитага мурожаат қилишлари сўралган.