Чиқиндилар билан боғлиқ қоидабузарларга 2 млрд сўм жарима солинди

Чиқиндилар билан боғлиқ қоидабузарларга 2 млрд сўм жарима солинди

Жорий йил бошидан буён чиқиндилар билан боғлиқ 6 913 та қонун бузилиши ҳолати аниқланиб, фуқаро ва мансабдор шахсларга 2 млрд сўмлик жарималар расмийлаштирилди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Таъкидланишича, чиқиндиларни ташиб кетиш учун тадбиркорларга ҳудудларни давлат-хусусий шериклик асосида жалб қилиш механизмлари яратилмоқда, хусусан, маиший чиқиндилар билан ишлаш соҳасида ҳудудларни тадбиркорлик субъектларига бириктириш бўйича 8 та битим имзоланди.

235 та қаттиқ маиший чиқиндиларни кўмиш полигонларининг 42 таси рекультивация қилинди.

Шунингдек, майдони 1 109 гектарга тенг 167 та чиқинди полигони ёпилади ва рекультивация қилинади, 773 гектарли 59 та янги полигон ташкил этилади.

2019-2028 йилларда Ўзбекистонда қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси доирасида қуйидагилар кўзда тутилган.

—  96 та чиқиндиларни қайта юклаш кўчма станциялари ташкил этиш;

—  Қайта юклаш стнацияларини 230 та махсус техника ва 520 та контейнер билан таъминлаш.

Маълумот берилишича, полигонларни оптималлаштириш ва янги полигонлар қуриш учун $928 млн ва қайта юклаш станцияларини қуриш учун $144  млн, махсус техника ва контейнер харид қилиш учун $406 млн миқдорида маблағлар талаб этилади.

Полигонларни оптималлаштириш ва янги полигонлар қуриш ишларини халқаро молия институтларининг кредит маблағлари эвазига амалга ошириш ҳамда кредит маблағларини "Экологик йиғим" ҳисобидан қоплаб бориш кўзланган.