Чирчиқ дарёси ўзани қисқартирилади, Тошкентда айланма шаклидаги йўл ўтказгич қурилади — Президент пойтахт режаси билан танишди

Чирчиқ дарёси ўзани қисқартирилади, Тошкентда айланма шаклидаги йўл ўтказгич қурилади — Президент пойтахт режаси билан танишди

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 31 май куни туризм, шаҳар инфратузилмаси, саноат соҳаларидаги лойиҳалар ҳамда Алишер Навоий мақбарасини таъмирлаш ва тиклаш борасида амалга оширилаётган ишлар тақдимоти билан танишгани ҳақида хабар берган эдик. 

Тақдим қилинган лойиҳалардан бири Чирчиқ дарёси бўйида турли инфратузилма объектлари барпо этишга оид. Мазкур дарёнинг Тошкент шаҳридан ўтган қисми 16 километрни ташкил этади. Лойиҳага кўра, дарё ўзани қисқартирилиб, қирғоқлари ободонлаштирилади. Бунинг эвазига очиладиган майдонларда замонавий уй-жойлар, дам олиш масканлари, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш иншоотлари қурилиши режалаштирилган.

Яна бир лойиҳа Тошкент халқаро аэропортидан шаҳар марказига ўтишдаги кўприкни кенгайтиришга қаратилган. Ҳозирги йўл ўтказгич 1967 йилда қурилган. Пойтахтимиз ривожланиши ва транспортлар сони ошиши билан уни реконструкция қилиш эҳтиёжи пайдо бўлди. Шу боис ушбу кўприкнинг Кичик ҳалқа йўли билан кесишган жойида айланма шаклидаги йўл ўтказгич қуриш режалаштирилган. Унинг узунлиги 650, эни 30 метр бўлиши мўлжалланган.

Бу муҳандислик ечими  автотранспортларнинг кўприкка чиқиши ва тушишини осонлаштиради. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлайди. Бу ердаги қулайлик яқин атрофдаги кўчаларга ҳам таъсир қилиб, тирбандлик камайишида муҳим омил бўлади.