Чироқчида аёллар нега калтакланди? Ҳодиса тавсилотлари очиқланди

Чироқчида аёллар нега калтакланди? Ҳодиса тавсилотлари очиқланди

Яқинда ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида тунги вақтда номаълум шахс томонидан икки нафар аёлнинг калтаклангани хусусидаги видеолавҳа барчани ҳайратга солди.

Мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида ЎзА воқеа юз берган ҳудудда бўлиб, ҳолатни ўрганди.

Ушбу видеода тасвирланган воқеа: ўша ёш йигитнинг аёл кишиларга тазйиқ ўтказиши, қўпол муносабатда бўлиши, калтаклаши бир қарашда ҳар қандай кишида нафрат туйғусини уйғотиши табиий.

Хўш, аслида ушбу келишмовчилик қандай юзага келган? Бунга аниқлик киритиш мақсадида ҳозирда Чироқчи тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида вақтинчалик ҳибсда ушлаб турилган Х.А билан суҳбатлашдик.

– Тунги вақтда катта кўча бўйлаб кетаётгандим, озгина спиртли ичимлик ҳам истеъмол қилгандим, – дейди у. – Ёнимдан ўтиб бораётган икки нафар хотин-қизлардан бири танишдек кўринди. Улардан бирига «қандайсан» дея гап отдим. Улар менга жавоб қайтардими ё қайтармадими ҳозир аниқ ёдимда йўқ, ўтиб кетишди. Тошкент шаҳрига машиналар қатнайдиган бекатга етиб қолганимда ҳалига аёллардан бири орқамдан етиб келиб, кўйлагимдан тортиб, «сен кимга гапираяпсан» деб бақириб кетди. Мен эса сенга гапирмадим, шеригингга гапирдим, дея жавоб қайтардим. 

У ёқамдан тортиб мени силтаб уриб кетди. Жаҳлим чиқиб кетди мен ҳам юзига тарсаки тортиб юбордим. Шериги қўлига тош олиб менга ўқталди. Унгача атрофдагилар йиғилиб томоша қила бошлади. Улар эса борган сари менга ёпишиб, баланд овозда бақириб жанжал қилиб кетди. Кейин нима бўлганини билмайман, ўзимни бошқариб тура олмадим. Қилган ишимдан қаттиқ пушаймонман.

Жаҳлга эрк бериш, уни жиловлай олмаслик мана шундай салбий оқибатларга олиб келишини англасакда баъзан кечирилмас хатоларга йўл қўяверамиз. Албатта сўнгги пушаймон ўзингга душман.

– Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси биринчи қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, – дейди Чироқчи тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тергов бўлими бошлиғи Ойбек Нарзуллаев. – Дастлабки, тергов ҳаракатлари давомида 2021 йил 2 май куни Х.А жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида гумондор сифатида ушланган.

Мазкур кўнгилсиз воқеада кўпроқ жабр кўрган асли Шаҳрисабз туманилик қизни туман тиббиёт бирлашмасидан топдик.

– Ўзим жуда қийналганман, ижарада яшайман, – дейди жабрланувчи Т.Н. – Ўша куни 2 ёшли эмизикли қизимни ажратиш мақсадида чироқчилик танишимникига ташлаш учун келгандим. Бахтга қарши уларникида меҳмон сифатида бироз ўтириб қолдим ва кечроқ йўлга чиқдим. Тошкент «стоянка»сига келганимда қўлига «бутулка» кўтариб олган бир йигит шахсиятимга тегадиган гап айтди. У гап менга жуда оғир ботди ва ундан «айтган гапингни исботлаб бер» дея изоҳ сўрадим. Бу ҳолатга гувоҳ бўлиб турган шу ердаги шофёр йигитларга ҳам қойил қолмадим. 

Ҳалиги йигитни гиж-гижлаб кўтар-кўтар қилишди. Томошабин бўлишди. Кейин тортишувимиз жанжалга айланиб кетди. Дабдурустдан мени уриб-тепиб кетди. Мен профилактика инспекторига қўнғироқ қилишини айтиб, телефонимни дугонамга бердим. Унинг ҳам сочларидан тортиб уриб ташлади. Мен ким бўлишимдан қатъий назар қўл кўтаришга нима ҳаққи бор. Ҳайвонни ҳам бундай қилиб уришмайди.

– Бемор Т.Н 1986 йилда Шаҳрисабз тумани Ҳожимайдон қишлоғида туғилган. Жорий йилнинг 2 май куни ўнг қулоқ атрофидаги оғриқ, қулоқни яхши эшитмаслиги ва бош оғриғи билан шикоят қилган ва Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли жарроҳлик бўлимига ётқизилган, – дейди бўлим бош шифокори Абдувоҳид Эшқувватов. – Беморда керакли муолажаларни ўтказганмиз ва ҳозирда унинг аҳволи қониқарли.