Чироқчида профилактика инспекторининг хизмат кийимини тортиб йиртиб, унга тан жароҳати етказган шахсга жиноят иши қўзғатилди

Чироқчида профилактика инспекторининг хизмат кийимини тортиб йиртиб, унга тан жароҳати етказган шахсга жиноят иши қўзғатилди

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида профилактика инспекторига фаол қаршилик кўрсатиб, қонуний талабларини бажармасдан унинг эгнидаги хизмат кийимини тортиб йиртган фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 28 август куни соат 11:00 ларда Чироқчи тумани ИИБ 4-сонли ИИБ ХПГ профилактика инспекторига бозорга келган «Мирзатўп» МФЙда яшовчи фуқаро Х.Ж. қўнғироқ қилиб, Чироқчи тумани Мирзатўп қишлоғида жойлашган, ҳафтанинг ҳар шанба куни бўладиган «Уйшун» деҳқон бозорида иккита фуқаро ўзаро жанжаллашаётганини айтиб, мурожаат қилган.

Шундан сўнг ушбу бозорда хизмат олиб бораётган ҳудудий профилактика инспектори ҳолат бўлаётган жойга борганида Б.Д. фуқаро О.Б. билан ўзаро оғзаки тортишиб жанжаллашиб, Б.Д. жанжал вақтида О.Б.нинг юзига уриб тан жароҳати етказган.

Ушбу бозорда профилактик ишларни олиб бораётган профилактика инспектори жанжаллашаётган фуқароларнинг олдига бориб, уларни тинчлантирмоқчи бўлганида О.Б. профилактика инспекторига фаол қаршилик кўрсатиб, профилактика инспекторининг қонуний талабига бўйсунмасдан, уни ҳақорат қилиб, эгнидаги хизмат кийимини тортиб йиртиб, тан жароҳати етказган.

Ҳолат юзасидан фуқаро О.Б. мастлик бўйича тиббий текширувдан ўтказилганида маст бўлгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Чироқчи тумани прокуратураси томонидан О.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ушланган. Айни пайтда Чироқчи туман прократураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.