Чорсуда Миллий гвардия ходимлари бир йигитни куч ишлатиб олиб кетишга уринди, аммо аҳоли қаршилигига дуч келди. Ҳодиса юзасидан расмий изоҳ берилди

Чорсуда Миллий гвардия ходимлари бир йигитни куч ишлатиб олиб кетишга уринди, аммо аҳоли қаршилигига дуч келди. Ҳодиса юзасидан расмий изоҳ берилди

Миллий гвардия Тошкент шаҳар бошқармасининг маълум қилишича, мазкур воқеа 22 ноябрь куни Шайхонтоҳур туманидаги «Эски жува» деҳқон бозори ҳудудида содир бўлган.

«22 ноябрь куни Шайхонтоҳур туманидаги ‘Эски жува’ деҳқон бозори ҳудудида жамоат тартибини сақлаш юзасидан хизматга жалб қилинган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига бозорга харидор сифатида келган фуқаро мурожаат қилиб, ушбу бозор ҳудудида пиротехника воситаси сотиб олиш учун сотувчига 260 минг сўм пул берганлигини, лекин сотувчи келишилган маҳсулотларни бермасдан, қочиб кетганлиги ҳақида шикоят қилган», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ушбу ҳолатни кузатиб турган бир гуруҳ шахслар мурожаат этган фуқарога нисбатан шу жойнинг ўзида ҳақоратли сўзлар ишлатиб, ўзларининг бу каби хатти-ҳаракатлари билан пиротехника воситаси сотувчиси тарафдорлари эканлигини билдирган.

Вазиятни енгиллаштириш учун Миллий гвардия ходимлари томонидан жабрланувчи фуқарони бозор ҳудудидан олиб чиқиб, ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида ИИО таянч пункти масъул ходимига топширилган.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари бозор ҳудудида жанжал кўтарган бир гуруҳ фуқароларни тартибга чақиришга ҳаракат қилган. Жамоат тартиби қоидаларига риоя қилмаган ушбу фуқаролардан бири Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, ҳақоратли сўзларини давом эттириб, атрофдагилар диққатини ўзига жалб қилган ҳолда хизмат мажбуриятини бажараётган ҳарбий хизматчилардан бирига қўл кўтарган.

Шу боис Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ушбу фуқарога нисбатан куч ишлатишга мажбур бўлиб, ўрнатилган тартибда ИИО таянч пунктига олиб бориб топширган.

Ўтказилган суриштирув ишлари натижасида ушбу фуқаро Тошкент шаҳар Олмазор туманида яшовчи У.I. эканлиги аниқланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда.