Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан тизимда янги тайинловлар жорий этилди

Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан тизимда янги тайинловлар жорий этилди

Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан тизимда янги тайинловлар жорий этилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, вазирликнинг Даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бош бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчиси этиб Умидулла Рискиев тайинланган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Бунга қадар у Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори лавозимида фаолият кўрсатиб келган. Қайд этилишича, фалсафа фанлари доктори (PhD) Умидулла Рискиев 1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент тиббиёт академиясини 2006 йилда тамомлаб, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида иш бошлаган.

Шунингдек, вазирликнинг Соғлиқни сақлаш тизими инфратузилмасини ривожлантириш ва қурилишини ташкиллаштириш бошқармаси бошлиғи этиб Баҳодир Бўриев тайинланган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Ҳозирга қадар у мазкур бошқармада бошлиқ ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келган. Баҳодир Бўриев Тошкент давлат техника университетини тамомлаган бўлиб, кўпгина ташкилотларда масъул лавозимларда фаолият юритган. Қайд этилишича, 2005 йил «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.

Вазирликнинг Даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари — Бирламчи тиббий профилактика ёрдамини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи этиб Авазбек Усмонов тайинланган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Тиббиёт фанлари номзоди Авазбек Усмонов 1974 йилда Қўқон шаҳрида туғилган. Шунингдек, у ўз фаолиятини Қўқон шаҳридаги 1-сон шаҳар шифохонасида нейротравматология бўлимида стоматолог-хирург вазифасидан бошлаган. Мутахассис 2017 йилдан буён Қўқон шаҳар шошилинч тиббий ёрдам шифохонаси бош шифокори сифатида фаолият юритиб келган.

Вазирликнинг Давлат тиббиёт ташкилотларида дори воситалари ва тиббий буюмларга бўлган эҳтиёжни шакллантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари этиб Моҳигул Тошназарова тайинланган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, у 2014 йилда Тошкент фармацевтика институтини тамомлаган. Шу пайтга қадар «Қашқадарё дори-дармон» корхонасида дорихоналарни назорат килиш инспектори, ушбу муассаса бўлими бошлиғи лавозимларида фаолият юритган.