Covid-19’га қарши эмлаш: Британияда вакцина қабул қилган биринчи эркак Уильям Шекспир бўлди

Covid-19’га қарши эмлаш: Британияда вакцина қабул қилган биринчи эркак Уильям Шекспир бўлди

Сешанба куни коронавирусга қарши кураш доирасида яна бир катта қадам ташланди. Буюк Британияда клиник синовлар доирасидан ташқаридаги эмлаш - оммавий вакцинацияга старт берилди, 90 ёшли Маргарет Кинан Pfizer/BioNTech вакцинаси билан эмланган илк инсон бўлди. У бир ҳафтадан кейин 91 ёшга тўлади, у Covid-19’га қарши эмланишини энг яхши совға деб атади.

«Covid-19 га қарши эмланган биринчи одам бўлиш жуда фахрли, бу туғилган куним учун энг яхши совға бўлди. Бу шуни англатадики, янги йилда мен ниҳоят яқинларим ва дўстларим билан кўришишим мумкин. Ахир ўтган қарийб бир йилни ёлғизликда ўтказдим», деган Англия марказидаги Ковентри шаҳрида яшовчи Маргарет Кинан.

Вакцина дозасини қабул қилган илк эркак эса Уорикшир графлигида яшовчи 81 ёшли Уильям Шекспир бўлди. У шифохона ходимларига профессионализм ва кекса инсонларга ғамхўрлик кўрсатишгани учун чуқур миннатдорчилик билдирган.

«Хотиржамликка берилишга ҳали эрта»
Британия ҳукумати томонидан сотиб олинган Pfizer вакцинасининг дастлабки партияси 800 минг доза бўлиб, яқин ҳафталарда бир кишига иккитадан доза бериш орқали биринчи босқич ўтказилади.

Декабрь ойи охиригача британияликлар учун яна 4 млн доза вакцина тайёр бўлиши кутилмоқда.

Биринчи навбатда вакцина билан қариялар уйидаги кексалар ва тиббий-ижтимоий муассаса ходимлари эмланади. Шунингдек, 80 ёшдан катталар ва тиббиёт ходимлари вакцинация жараёнида устуворликка эга.

Буюк Британия бош вазири Мэтт Ҳэнкок сешанба куни, оммавий вакцинация - узоқ йўллиги, аммо фақат у бутун дунёни қайғули вазиятдан қутқариши мумкинлигини айтиб ўтди.

Шу билан биргаликда, у ҳали хотиржамликка берилишга эрта экани, барча мамлакатлар ижтимоий масофа сақлаш қоидаларига амал қилишда бирдамлик кўрсатиши лозимлигини эслатиб ўтган.

«Бу вирус ўлимвор, биз биргаликда қарши туришимиз даркор», деган Ҳэнкок.

Вакцинация - ҳар бир кишининг мустақил танлови
Pfizer вакцинаси икки дозага мўлжалланган. Иккинчи укол биринчисидан 2-3 ҳафта кейин юборилади. Кўп ҳолларда вирусга қарши иммунитет иккинчи дозадан 7-10 кун ўтиб пайдо бўлади. Камдан кам ҳолларда иммунитет пайдо бўлиши кечикиши, биринчи дозадан 21 кундан кўпроқ вақт ўтиши мумкин.

Вакцина самарадорлигини унинг яратувчилари 95 фоизга баҳолашган. Бунинг сабаби шундаки, клиник синовлар вақтида эмланганларнинг бир нечаси барибир Covid-19 юқтириши ҳолатлари кузатилди. Pfizer компаниясининг аниқлик киритишича, касалланганлар бу вақтда фақат биринчи дозани қабул қилишга улгуришганди.

Синовларда ўн минглаб кишилар иштирок этган.
Буюк Британия Соғлиқни сақлаш миллий тизими (NHS) раҳбарияти вакилларидан бири - профессор Стивен Повиснинг сўзларига кўра, вакцинация - «якуннинг бошланиши» сўзи ижобий маънода қўлланадиган камдан кам ҳолатлардан биридир.

У шунингдек, вакцина қабул қилиш - мутлақо кўнгилли иш эканини таъкидлаб ўтган. Британияликлар ижтимоий ҳолати ва касбига қараб босқичма-босқич равишда NHS’дан таклифнома олишади.

Шу билан бирга, расмийлар ҳар бир фуқарога эмланишга боришни тавсия қилишмоқда - бу нормал ҳаётга қайтишнинг нисбатан энг самарали ва хавфсиз йўли экани таъкидланмоқда.