Дарахт экиб, парвариш қилмаганлар ҳам жаримага тортилиши керак — Депутат

Дарахт экиб, парвариш қилмаганлар ҳам жаримага тортилиши керак — Депутат

Бу йил ёз ҳар қачонгидан иссиқ келадиган кўринади. Айни жазирама шундан дарак беряпти. Одамларку, амаллаб жон сақлаяпти. Лекин кўча-кўйда қуриётган ниҳолларга ачинади киши, дея ўз фикрларини билдиради депутат Жаҳонгир Зияев.

«Қанча меҳнат, қанча пул… Ҳар йили миллионлаб дарахт экамиз, деб жар соламизу, лекин уларнинг ярмини ҳам сақлаб қололмаймиз.

Бир ой олдин Тошкент шаҳри ва вилоятида 202 йил куз ва 2022 йил баҳор мавсумида «1 миллион дарахт» экиш ташаббуси қўллаб-қувватланган эди. Ҳар йили шунча дарахт экилса, шаҳар яқин йилларда ўрмонга айланадику, деб кўпчилик хурсанд бўлганди. Лекин яқинда шаҳарда экилгани 75 мингта дарахтдан 52 мингтадан ортиғи қуриб қолгани ҳақидаги хабарни ўқиб, ҳафсалам пир бўлди. Мутахассис бунинг сабабини жой танлашда хатоликка йўл қўйилгани, суғориш тизими йўқлиги билан изоҳлабди.

Менимча, бу изоҳга ўзлари ҳам ишонмаса керак. Чунки Тошкентнинг ерига чўп тиқиб қўйсанг ҳам кўкаради, деган гап бор. Фақат иссиқ кунларда бир оз сув бериб турса бўлгани. Орол денгизининг қуриган шўр ерида дарахтлар кўкартирилаётган бир пайтда Тошкентда дарахтларни сақлаб қолиш қийин бўляпти дейиш, чўпчакдан бошқа нарса эмас.

Хўш, жой танлашда хатоликка йўл қўйилган ҳам дейлик. Лекин 52 мингта дарахтнинг уволи, унга кетган харажат, меҳнат учун ким жавоб беради?

Ҳар баҳорда шу бўлар такрор деганларидек, қачонгача бу хатолик такрорланади? Ахир бу ҳам халқнинг пешана терисику! Қуриган 52 мингта дарахтнинг ҳар бирини 15 минг сўмдан ҳисобласак(манзарали дарахтлар унданда қиммат), 780 млн. сўм бўларкан. Ҳар йили мамлакатимизда тахминан 140-145 миллион дона ниҳол экилишини эътиборга олсак, қанча маблағ увол бўлишини ҳисоб-китоб қилаверинг. Суғориш тизими йўқ экан, сув ташувчи машиналар ёрдами билан суғориш мумкинку!

Хўш, энди нима қилиш керак? Ҳар йили шу чўпчакка ишониб ўтираверамизми?

Таклифим: дарахтни кесганларга жарима солингани каби, дарахт экиб, парвариш қилмаганлар ҳам жаримага тортилиши керак. Яъни, давлатнинг пулига «биз шунча минг дарахт экдик» деб ҳисобот берадиган ҳокимият, ободонлаштириш бошқармалари, ташкилотлар эккан ниҳоли кўкармаса, чўнтагидан жарима тўласин. Шундагина «жойни нотўғри танлаб қўйибмиз, суғориш тизимига уланмаган экан», деган баҳоналар бўлмайди. Жарима тўласа, жой ҳам тўғри танланади, сув ҳам келади.

Одамлар ҳам ён-атрофи, маҳалласида экилган ниҳолларга эътиборли бўлиб, парваришлаб турса ҳам қанчадан-қанча дарахтларни сақлаб қолган бўламиз. Яъни, бу «давлатникику, менга нима» деган қарашдан воз кечиш лозим. Керак бўлса, дарахтпарвар инсонларни рағбатлантириш керак.

Бу борада хорижий тажрибани ҳам ўрганиш керак. Масалан, Нью-Йоркда ҳар бир дарахт учун персонал карточка тайёрланаркан ва у орқали дарахт тўла назорат қилинаркан. Ҳар бир дарахт шаҳар бюджетини ўртача 165 долларга тежаркан», дейди у.