Давлат активларини бошқариш агентлиги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонаси сотувга қўйилганини эълон қилди

Давлат активларини бошқариш агентлиги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонаси сотувга қўйилганини эълон қилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 февралдаги “Давлат активларини хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш тўғрисида”ги ПФ–6167-сон (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 июлдаги ПФ-6273-сон Фармони билан киритилган қўшимчалар билан.), Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда – Давактив агентлиги ёки Сотувчи) “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасини (кейинги ўринларда – Меҳмонхона ёки Актив) ошкора рақобат тамойилларига асосланган савдо жараёни орқали сотилишини эълон қилади (кейинги ўринларда – Савдо).

Ушбу Савдо жараёнига “KPMG Valuation and Consulting” МЧЖ (кейинги ўринларда – KPMG), активни хусусийлаштириш бўйича энг яхши таклифларни танлаш асосида, эксклюзив молиявий маслаҳатчи сифатида жалб этилган.

Меҳмонхона ҳақида қисқача маълумот:

Беш юлдузли “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонаси 2016йилда Тошкент марказида ташкил топган ва “Hyatt” халқаро брендининг Ўзбекистондаги биринчи меҳмонхонасига айланган.

У Ўзбекистонда халқаро меҳмонхоналар тармоғи бошқарувида бўлган ягона беш юлдузли меҳмонхонадир.

Меҳмонхона шаҳар марказида, Тошкентнинг асосий диққатга сазовор жойларига қулай ва яқин масофада жойлашган.

Умумий ер майдони 3,1 гектар, бино ва иншоотлар майдони 60,1 минг квадрат метрни ташкил этади.

Меҳмонхона 8 қаватдан иборат бўлиб, мижозлар учун 300 та хона, жумладан, 248 та стандарт ва 52 та люкс/ярим люкс хоналарни мавжуд.

Меҳмонхона ҳудудида халқаро сифат стандартлари даражасида жиҳозланган турли сиғимдаги бир нечта конференция заллари, шунингдек, 850 квадрат метр майдонга эга банкет зали, ёпиқ бассейн ва SPA маркази мавжуд.

Таъкидланишича, савдо жараёнларида иштирок этиш учун аризаларни топшириш бўйича расмий таклиф қўшимча эълон қилинади. Ариза топшириш жараёни барча манфаатдор томонлар учун очиқ бўлади. Манфаатдор шахслар ўзбек, рус ёки инглиз тилларида тайёрланган ва ариза берувчининг ваколатли вакили томонидан имзоланган хат кўринишида ариза топширишга таклиф қилинади.