Давлат мансабдорлари ҳамда уларнинг оила аъзолари даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилади

Давлат мансабдорлари ҳамда уларнинг оила аъзолари даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилади

«Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони ва тегишли Қарори имзоланди

Унга кўра, эндиликда:

— Барча давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилади

— «Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш тўғрисида»ги Қонун ишлаб чиқилади

— «Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри» юритилади

—«Коррупциявий хавфларни баҳолаш электрон тизими» ишга туширилади

— Давлат хизматчилари, ташкилотлари, корхоналари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилади

— Давлат хизматчиларига республика ҳудудидан ташқарида ҳисобрақамлар очиш ва эгалик қилиш, нақд пул маблағларини сақлаш, кўчмас ва бошқа мол-мулкка эга бўлиш тақиқланади

— Жиноят кодексида даромадлар ва мол-мулкни декларациялаш жараёнида аниқланган ноқонуний бойлик орттирганлик учун жавобгарлик ўрнатилади

— Давлат органлари ва ташкилотларида ишга қабул қилиш очиқ танлов асосида амалга оширилади ва Интернет орқали трансляция қилинади

— Ҳар йил якуни бўйича барча давлат органлари ва ташкилотларидаги коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини баҳоловчи рейтинг эълон қилинади

— Давлат хизматчиларининг Одоб-ахлоқ кодекси қабул қилинади.

Фармонга кўра, 2022 йил 1 январдан давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилади.

Декларацияни беришдан бош тортиш ва қасддан нотўғри маълумотларни киритиш уни давлат хизматидан четлаштиришга ва жавобгарликка сабаб бўлади.

2022 йил 1 январдан давлат хизматчиларига хорижда банк ҳисобрақамларини очиш, нақд пул маблағларини сақлаш ва бошқа мол-мулкка эга бўлиш тақиқланади.

Мансабдорнинг ўз шахсий манфаати мажбуриятларини объектив ва холис бажаришига таъсир кўрсатувчи ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган вазиятлар манфаатлар тўқнашуви ҳисобланади.

Манфаатлар тўқнашувини ошкор қилиш ва олдини олиш бўйича чора кўрмаганлик жавобгарликни келтириб чиқаради.