Давлат солиқ қўмитаси Расул Кушербаевни судга берди

Давлат солиқ қўмитаси Расул Кушербаевни судга берди

Давлат солиқ қўмитаси ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари Бирлашган касаба уюшмаси  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Кушербаев Расул Хидралиевич устидан Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига даъво аризаси киритди.

Бунга Р.Кушербаевнинг «HUMAN UZ» ахборот порталидаги «Сўз блогерларга» кўрсатувининг 2021 йил 23 февралдаги сонида айтган сўзлари сабаб бўлган.

«Оддий солиқ қўмитасининг ходими ёки мутахассиси юк хати нима учун керак бўлишини, ҳатто у шунчалик билмайдими ё тадбиркорлар, ё одамлар шунчалик аҳмоқ деб ўйлайдимики, ўзини қилаётган ишини нотўғримаслигини исботлаши учун далил сифатида юк хатини кўрмоқчи… Пасткашлик бўлса шунчалик бўладики, солиқ ходими тадбиркордан юк-хатигача сўраяпти, уйидаги туалетная бумагани қанақасини ишлатишини ҳам сўрамабдида… Солиқ органлари айланиб ўгирилиб тадбиркорни айбдор деб топишим керак деган принципда ишлаяпти…», — деган Расул Кушербаев кўрсатувда.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг депутатлик одоби қоидалари 22-бандида, депутат оммавий ахборот воситаларида чиқишда давлат органлари ва бошқа органларнинг фаолиятига муносабат билдирганда, уларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган қўпол, ҳақоратомуз ибора ва сўзларни қўллашга, асоссиз айбловларга йўл қўйишга ҳақли эмаслиги, агар депутатнинг баёнотида шундай фикрлар мавжуд бўлса депутат ўз фикрларининг янглишлиги ёки нотўғрилигини ошкора тан олиши ва кечирим сўраши кераклиги белгиланган.

Юқоридагиларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 99, 100, 1021 ва 1022-моддалари ҳамда Фуқаролик процессуал кодексининг 33, 189 ва 191-моддаларига асосан жавобгар Кушербаев Расул Хидралиевич давлат солиқ хизмати органлари ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотларига нисбатан оммавий ахборот воситалари орқали раддия бериши ҳамда кечирим сўраши лозим.

Шунингдек, жавобгар хатти-ҳаракатлари орқали солиқ органларига 4,6 млрд. сўм миқдорида маънавий зарар етказган. Ушбу маънавий зарар ундирилгач, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳузуридаги «Саховат ва кўмак» жамғармасига ўтказилади», дейилади қўмита ахборот хизмати хабарида.