Давлат ташқи қарз миқдори камайди

Давлат ташқи қарз миқдори камайди

Бу ҳақда Молия вазирлиги 2021 йилнинг 1 апрел ҳолати бўйича давлат қарзи ҳақида ҳисобот берганда такидлаб ўтди.

Маълум қилинишича, ўтган ой аввалида давлат қарзи миқдори 23,2 млрд долларни ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 40,1 фоизни ташкил этди ва йил бошига нисбатан 133,7 млн долларга камайди.

Давлат қарзи кўрсаткичлари

Ҳисобот даврида давлат ташқи қарзи 21  млрд долларни (ЯИМга нисбатан 36,3 фоиз) ташкил этди ва йил бошига нисбатан 73,6 млн долларга камайди.

Давлат ички қарзи эса 2,2 млрд долларни ёки ЯИМга нисбатан 3,8 фоизни ташкил этди ва йил бошига нисбатан 60,1 млн долларга камайди.

Давлат қарзининг 133,7 млн  долларга камайиши, асосан, янги жалб қилинган қарз маблағларининг ўзлаштирилишига қарамай давлат қарзи бўйича асосий қарз тўловларининг амалга оширилиши ҳамда давлат қарз портфели таркибидаги валюта курсларидаги ўзгаришлар билан изоҳланади. Хусусан, жорий йилнинг дастлабки 3 ойида:

  • республика номидан жалб қилинган ташқи қарз қолдиғи 126,2 млн долларга камайди;
  • давлат кафолати остида жалб қилинган ташқи қарз қолдиғи 52,6 млн долларга ошди;
  • давлат кафолати остида жалб қилинган ички қарз қолдиғи 73,1 млн долларга камайди;
  • давлат қимматли қоғозларини эмиссия қилиш натижасида юзага келган  мажбуриятлар қолдиғи 135 млрд сўмга ошди.

Қайд этилишича, давлат қарзининг ЯИМга нисбатининг пасайиши юқоридагилар билан бирга жорий йилнинг январ-март ойларида кузатилган реал  иқтисодий ўсиш натижасида ЯИМ ҳажмининг ошиши билан ҳам изоҳланади.

Хусусан, 2021 йилнинг дастлабки 3 ойида ЯИМ реал ўсиш суръати 3 фоизни ташкил этган. Бунда давлат қарзи ўзгаришига энг катта таъсир кўрсатган валюта Япония иенаси бўлди. Жумладан, ҳисобот даврида Япония иенаси АҚШ долларига нисбатан 6,1 фоизга қадрсизланган (Япония иенасида жалб қилинган давлат ташқи қарзи портфелнинг 11 фоизини ташкил этади).

Давлат қарзига хизмат кўрсатиш харажатлари

2021 йилнинг 1-чораги якунида давлат қарзига хизмат кўрсатиш жами харажатлари (давлат бюджети ва давлат корхоналари маблағларидан) 516,1 млн долларни ташкил этди.

Шундан, давлат ташқи қарзи 300,3 млн  доллар, асосий қарз тўловлари 200,1 млн долларга тўғри келди. Фоиз тўловлари эса 100,2 млн долларни ташкил этди.

Ички қарз мажбуриятлари учун 215,8 млн доллар, асосий қарз тўловларига 177,3 млн доллар ва фоиз тўловларига 38,5 млн доллар харажат қилинди.

Мазкур даврда давлат бюджети  маблағлари ҳисобидан амалга оширилган давлат ташқи қарзига хизмат кўрсатиш харажатлари 67,4 млн долларни ташкил этди. Шундан:

  • асосий қарз тўловлари 49,7 млн доллар;
  • фоиз тўловлари 17,7 млн доллар.

Шу билан бирга, Молия вазирлиги давлат бюджетидан ички қарз мажбуриятларига хизмат кўрсатиш бўйича харажатлари 146,4 млрд сўмни ташкил этди.

Давлат қимматли қоғозларига хизмат кўрсатиш харажатлари 1 трлн 36 млрд 300 млн сўмни ташкил этди. Шундан, асосий қарз тўловларига 935 млрд сўм, фоиз тўловларига 101,3 млрд сўм сарфланди.