Давлат-хусусий шериклик асосида ётоқхона қуриш учун субсидия берилади

Давлат-хусусий шериклик асосида ётоқхона қуриш учун субсидия берилади

Ҳукумат қарори (239-сон, 06.05.2022 й.) билан Талабалар турар жойларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш учун Давлат бюджетидан субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди 

Низомга кўра, талабалар турар жойларини қуриш лойиҳаларини амалга ошириш учун хусусий шерикка бериладиган субсидия ТТЖни қуриш лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича бир ўринга тўғри келадиган қийматнинг 50 фоизи, бироқ БҲМнинг 100 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорда ажратилади.

Бунда лойиҳаларни амалга ошириш учун тадбиркорлар ўртасида тендер ўтказилади.

Низомга кўра, ДХШ тўғрисидаги битим ДХШ лойиҳаларининг реестрига киритилганидан сўнг хусусий шерик давлат шеригига субсидия ажратиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади.

Давлат шериги аризани 3 иш куни ичида (қўшимча ўрганиш учун – 10 иш куни ичида) ўрганиб чиқиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига юборади.

Вазирлик тақдим этилган аризани 5 иш кунида ўрганиб чиқиб, субсидия бериш учун давлат шериги билан субсидия ажратиш юзасидан шартнома имзолайди.

Хусусий шерикка ТТЖ қуриш учун 2 иш куни ичида давлат шериги томонидан биринчи босқичда ТТЖ умумий қийматининг 15 фоизи миқдорида субсидия ажратилади. 

Кейинги босқичларда бажарилган ишлар далолатномаси имзоланган кундан 3 иш куни ичида бажарилган ишнинг 50 фоизи миқдорида, биринчи босқичда ажратилган маблағларни инобатга олган ҳолда субсидия ажратилади. 

Маълумот учун: 2022–2025 йилларда республика бўйича жами 228 та (жорий йилда 47 та) талабалар турар жойлари (400 ўринли) барпо этиш назарда тутилган.