Давлатчилигимиз тарихи ёки Миллий уйғониш даврига бир назар

Давлатчилигимиз тарихи ёки Миллий уйғониш даврига бир назар

Making Uzbekistan: Nation, Empire and Revolution in the Early USSR. Ithaca, NY: Cornell University Press, 2015.

Миллий истиқлолимизга ўз-ўзидан эришиб қолганимиз йўқ. Бу йўлда тўкилган қон ва берилган қурбонликларни кўпчилик билавермайди. Аждодларимиз орзу қилган Мустақиллик 1991 йилда гўё силлиққина амалиётда осонгина қўлга киритилди деган янглиш тасаввур бор.

Ўзбекистон давлатчилиги Амир Темур ва ундан олдинги даврларга бориб тақалиши айтилсада, аммо бундан роппа-роса 100 йил олдин рўй берган воқеалар замонавий Ўзбекистон Респубикасининг яралишида муҳим рол ўйнагани хотирамиздан кўтарилган. Шу маънода Америкалик тарихчи олим Адиб Холиднинг “Ўзбекистоннинг барпо бўлиши” номли асари яқин тарихимизни ўрганишда, Миллий истиқлол қаҳрамонларини танишда ҳамда берилган қурбонликларни ҳис қилиш йўлида катта янгилик бўлди десак муболаға бўлмас.

Покистонда туғилиб ўсган, инглиз ва урду тилини она тилидек билувчи, ўзбек, турк, рус, форс, немис ва француз тилларини профессионал даражада ўзлаштирган бу тарихчи олим бутун илмий фаолиятини Туркистон халқлари тарихини ўрганишга бағишлаган. Унинг мазкур асари олдинги китобларининг мантиқий давоми дейиш мумкин.

Олдинги илмий ишлари Ўрта Осиёда жадидчилик пайдо бўлиши, ривожланиши ва фаолияти ҳақида сўз юритган бўлса, бу китоби замонавий Ўзбекистоннинг яралишида жадидларнинг ролини мубоҳаса этади.

Муаллиф китоб устида изланиш ва турли давлатларда тадқиқотлар олиб боришга ўн беш йил вақт сарфлади. Китобни ўқирканмиз, ундаги архив манбаларнинг аниқ берилиши, кенг қамровлиги ҳамда чуқур таҳлил қилинганидан ҳайратланамиз.

Муаллиф бу китоб устида ишлаш жараёнида АҚШ Конгресси кутубхонасида сақланаётган Ўрта Осиёга оид бебаҳо архив материаллари, ўша даврга тааллуқли бирламчи ҳужжатлар билан танишади. Ундан ташқари Франция, Германия, Британия, Россия ҳамда Ўзбекистон давлат музейлари ва архивларидан фойдаланади. Ўтган асрнинг йигирманчи йилларидаги махфий ва сиёсий полиция ОГПУ, ГПУ, НКВД архив материалларига бевосита мурожаат қилади. Миллий истиқлол ҳаракатининг дарғалари устидан очилган сохта жиноий ишлар, кўрсатмалар, даврий матбуотда чиққан мақолалар билан танишади. Ўша давр адабиётини яқиндан ўрганади, инглизчага моҳирона таржима қилади.

Бу китобни ўқиганда бундан юз йил орқага қайтгандек, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулла Авлоний, Мунаввар қори, Беҳбудий, Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов каби давлат ва жамият арбоблари, маърифатпарвар фидойилар ҳамда адиблар билан юзма-юз ўтириб суҳбат қургандек бўласиз. Ўша даврга хос бўлган талотум, шиддатли ўзгариш, очарчилик, қора халқнинг юпун аҳволини ҳис қиласиз. Бир томонда янгича иш тутиш ва тараққиёт тарафдори бўлган жадидлар, иккинчи тарафда анъанавий обрў-эътиборидан айрилиб қолишдан чўчиётган ҳамда ўзларини барқарорлик хомийлари сифатида кўрувчи бойлар ва уламолар, бошқа тарафдан эса иккала тарафга ҳам мунтазам босим ўтаказаётган болшевиклар ва советлар ўртасидаги мураккаб жараён қанчалик оғир кечганини бироз тасаввур қиласиз.

Ниҳоятда пухта тадқиқ қилинган, ўта юқори савияда изчиллик билан изланиш олиб борилган бу китобда архив материаллари ва фойдаланилган маълумотлар аниқ-тиниқ кўрсатиб ўтилади.

Китоб ўн икки бобдан иборат бўлиб, ҳар бир бобида бир нечта мавзулар ҳақида сўз боради.

Биринчи бобда Чор Россияси даврида Ўрта Осиё зиёлиларнинг ислоҳот йўлида тутган роли ҳақида гап кетади. Ўрта Осиёнинг босиб олиниши, Хонлар тахтдан олиниб, баъзилари сургун қилингач, улар сақлаб келган обрў-эътиибор, нуфуз, мансаблар секин-аста диний уламолар ва саноатчи бойларга ўтгани, рус тузем мактабларида таълим олган айни пайтда исломий ва маҳаллий анъаналарни ҳам чуқур билган маърифатчи қатлам, яъни жадидлар етишиб чиққани ҳақида сўз боради. Чор Россияси, хусусан Фон Кауфман юритган диний сиёсат, аниқроқ айтсак, Исломга қарши очиқ-ойдин курашмасдан шунчаки қаровсиз, эътиборсиз ташлаб қўйиш, Метропол Империяга интегратсия қилмаслик сиёсати муҳокама этилади. Остроумовнинг кенг қамровли ва чуқур ваколатларининг оқибатлари баён қилинади.

Инқилобдан кейин пайдо бўлган янги имкониятлар ва жадидлар улардан қандай фойдаланишга урингани иккинчи бобда мубоҳаса этилади. Шу пайтгача мавжуд бўлган тахмин ва қарашларга зид ўлароқ, Ўрта Осиёдаги инқилоб ва ўзгариш марказ, яъни Москвадан буюрилиб, буёқда фақат ижро этилган эмас, балки маҳаллий мусулмон элита ва кадрлар ҳам янгича сиёсатни ишлаб чиқишда, муассасаларга асос солишда, борингки, замонавий Ўзбекистон давлатчилигига тамал тошини қўйишда муҳил рол ўйнаган экан. Ушбу жараёнда томонлар ўртасида кечган мураккаб музокаралар, келишмовчилик ва зиддиятлар китобда моҳирона баён этилган.

Ўрта Осиёда миллий делимитация, яъни давлат чегараларини белгилаш, Ўзбекистон ва Тожикистон давлат ҳудудларини аниқлаш мавзуси 8-9 бобларда муҳокама қилинади.

Ўзбек миллатининг маданий меросини тамсил этиш учун тузилган кенг маънодаги Чиғатой лойиҳаси 1937 йилларгача сақланиб қолади. Катта қатағон бошланганда жадид зиёлилари миллатчиликда айбланиб батамом репрессияга учрайди.

Охирги бобларда Ўрта Осиёнинг тобора советлаштириш сиёсати қандай кечгани муҳокама қилнади. Миллатчилик совет тузумининг энг асосий душманига айланади. Юроқида айтилганидек, Совет тузумини эски зиёли қатламдан тозалаш, йўқотиш бошланади. Бу амалиётнинг бошида ОГПУ махфий полицияси туради. 1923 йилда бошланган коренизация –маҳаллийлаштириш сиёсати ОГПУни четлаб ўтади.

Инқилобдан олдинги даврга тааллуқли миллий зиёлар ва муассасаларга ҳужум – қозилар, уламоларни қоралаш, вақф мулклари, мадраса ва масжидлар ёпилиши 1920 йиллардан 1930 йилларгача олиб борилган бўлса, 1937 йилга келиб миллий уйғониш вакилларига, қолган-қутган жадидчиларга узил-кесил қақшатқич зарба бериш пайти келган эди. Кўплаб зиёлилар ўнг қанотлик, миллатчилик ва Троцкийчиликда айбланиб ҳибсга олинади.

Мени энг маҳзун қилгани еттинчи боб бўлди. Унда инқилобдан кейинги маданий реформалар, шу жумладан диний ислоҳотлар ҳақида сўз кетади. Жадидлар инқилоб туфайли пайдо бўлган қулай фурсатдан фойдаланиб, омма халқ ва уламолар қарши бўлса ҳам ижтимоий-маданий соҳада ислоҳотлар билан олға юришга жазм этади. Керак бўлса халқнинг сочидан судраб, тепиб бўлса ҳам замонавий тараққиётга олиб чиқамиз дейишади. Афсуски, бу жараёнда миллий ва диний эътиқодларга ҳурмат приоритет ҳисобланмайди. Матбуотда динни мазах қилувчи, мсломий арконлар устидан кулувчи кескин мақолалар чиқа бошлайди. Исломий муассасалар бирин кетин оёқ-қўли кесилиб, ва ниҳоят батамом йўқотилади. Болшевиклар жадидлар бошлаган ишни янада шиддатлироқ давом эттириб , алалоқибат динни бутунлай жамиятдан супуриб ташлайди.

Адиб Холид тақдим этган нюансли талқинлардан яна бири уйғониш даври адабиётини мажозий маънода эмас, луғавий маънода, қандай бўлса шундайлигича тушунишга уринишдир.Масалан Чўлпоннинг “Бузилган ўлкага” номли шеъридаги изтиробларни нафақат болшевикларга балки озодлик курашчилари деб аталувчи босмачилар етказган зарарларга ҳам қаратилган дейди. Абдурауф Фиратнинг ижодини муоҳакам этаркан, унинг диний ислоҳотчиликдан динсизликкача бўлган траекториясини қараб чиқади. Бошида Фитрат Исломни ислоҳ этиш тарафдори бўлган бўлса кейинчалик, 1920-йиллар ўрталарига келиб радикаллашади, динга қарши ҳужуми кучаяди. Бунга мисол қилиб “ Қиёмат”, “Шайтоннинг Тангрига исёни”, “Бедил” асарларини мисол қилади. Шу пайтгача бу асарларни мажозий маънода талқин этилгани, масал услубида ёзилганлиги даъво қилинишини аммо аслида ундай эмаслиги, бу асарларни юзаки маънода қабул қилиш лозимлигини таъкидлайди. Яъни ўша даврда жадидларнинг уламолар билан бўлган зиддиятлари, аёллар масаласида тўқнашувлари, бидъат-хурофотни қоралаш қатори секин-аста Исломнинг аҳком ва арконларига ҳам ҳужум бошлаши бу Совет атейизмидан келиб чиққан қарор эмас, балки ўзларининг ҳақиқий қарашлари эди дея баҳолайди.

Шу жиҳатдан олганда бу китоб уйғониш даври адабиётига қайта назар ташлаш, қайтадан ўқиб кўришга қизиқиш уйғотади. Шу маънода Фитратнинг юқорида айтилган асарларини ҳозирги давр ўқувчисига тақдим этиш мақсадга мувофиқ бўлмас эди. Ўша йилларда Муштум журналида босилган диний эътиқодларни таҳқирловчи карикатура ва мақолалар ҳозирги кун нуқтайи назаридан миллий ва диний низолар қўзғаш деб баҳоланиши табиий.

Ўз миллати, дини ва тарихи учун қизиққан, қайғурган ҳар қандай зиёли инсон учун бу китобни ўқиб чиқишни тавсия қиламан. Яқин орада бунчалик пухта ёзилган ва холисона ёндошилган китоб чиқмаган бўлса керак. Тез орада таржима қилиниб омма ўқувчларга ҳам етиб боришини умид қилиб қоламан.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

571