Давлатимиз раҳбари “Янгиҳаёт” индустриал технопарки қуриладиган майдонида бўлди

Давлатимиз раҳбари “Янгиҳаёт” индустриал технопарки қуриладиган майдонида бўлди

2021 йил 4 февраль куни Ўзбекистон Президентининг “Тошкент шаҳрида “Янгиҳаёт” индустриал технопаркини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.

Давлатимиз раҳбари Янгиҳаёт туманига ташрифи чоғида ушбу технопарк қуриладиган майдонида бўлди.

Бу мажмуа учун 210 гектар майдон ажратилган. Шундан 150 гектари икки босқичда аукцион савдоларига чиқарилади. Тадбиркорлар сотиб олинган ернинг мулкдори бўлади ва корхоналарни ўзлари қуради.

- Тошкентда ер танқис, келгусида бундай майдонлар топилмайди. Ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш керак. Шунинг учун корхоналар кўп қаватли қилиб қурилгани маъқул, - деди Президент.

Бу ерда жойлаштириладиган корхоналарда 20 минг иш ўрни яратилиши мўлжалланган. Умуман олганда, технопарк ишлаб чиқаришни кенгайтириш, саноат тармоқларига замонавий технологияларни жорий этиш, шу асосда аҳолини иш билан таъминлашга хизмат қилади.

Шу ерда Янгиҳаёт туманидаги корхоналар маҳсулотлари ҳам намойиш этилди.