Дебютантлардан дебют голлар, Катанецда дастлабки ғалаба

Дебютантлардан дебют голлар, Катанецда дастлабки ғалаба

Ўзбекистон миллий жамоаси Сречко Катанец қўл остидаги иккинчи учрашувда Малайзияга қарши ўртоқлик баҳсида майдонга тушиб, йирик ҳисобда ғалаба қозонди.

Иордания пойтахти Амманда ўтган ўйинда словениялик мураббий янги номларни ҳам синовдан ўтказди. Биринчи бўлимда Машарипов – Сайфиев жуфтлиги ҳаракат қилган чап қанот анча фаол тўп сурди. Натижада Достонбек Ҳамдамов миллий жамоадаги илк дублини расмийлаштирган бўлса, дебютант Ҳусайн Норчаев илк голини киритди. Рақиб бўлим якунида ҳимоядаги сусткашликдан фойдаланди – 3:1.

Иккинчи бўлимда эса Фаррух Сайфиев ўрнига чап қанот ҳимоясида майдонга тушган Иброҳимхалил Йўлдошев ҳам ундан қолишмади. У Машариповнинг узатмасини голга айлантириб, миллий жамоадаги дебют голини киритди – 4:1.

88-дақиқада эса захирадан майдонга тушган Азизбек Амонов ҳам миллий жамоадаги дебют голини расмийлаштирди – 5:1. Бу ҳужум ҳам Машарипов томонидан бошланган эди. 

Шу тариқа, Ўзбекистон миллий жамоаси Катанец қўл остидаги иккинчи ўртоқлик баҳсида биринчи ғалабасига эришди. Навбатдаги ўртоқлик ўйини 12 октябрь куни Амманда мезбон Иорданияга қарши ўтказилади.

9 октябрь (шанба)
Халқаро ўртоқлик учрашуви.
Ўзбекистон – Малайзия - 5:1
Амман, Иордания.

Голлар: Достонбек Ҳамдамов 17, 29, Ҳусайн Норчаев 33, Иброҳимҳалил Йўлдошев 68, Азизбек Амонов 88 - Бадрол Бахтияр 45+1.
Ўзбекистон: Валижон Раҳимов, Рустамжон Ашурматов (Достон Турсунов, 71), Ҳусниддин Алиқулов, Фаррух Сайфиев (Иброҳимхалил Йўлдошев, 60), Дилшод Саитов, Отабек Шукуров (Акмал Мозговой, 60), Азиз Ғаниев, Жалолиддин Машарипов, Достонбек Ҳамдамов (Шаҳбоз Умаров, 71), Ҳусайн Норчаев (Азиз Амонов, 80) Элдор Шомуродов (Игорь Сергеев, 60).
Малайзия: Хаирул Фахми, Ризал Ғазали, Аидил Зафуан, Ирфон Закариё, Ориф Фадзилаҳ, Акрам Маҳинан, Кэнни Паллараж, Файсал Ҳалим, Бадрол Бахтияр, Абдуллаҳ Ҳакими (Сиёфиқ Аҳмад, 38) Луқмон Ҳаким.