Деҳқонободда Nexia 15 метр чуқурликдаги жарликка қулади

Деҳқонободда Nexia 15 метр чуқурликдаги жарликка қулади

Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида ҳаракатланиб кетаётган Nexia бошқарувни йўқотиб, 15 метр чуқурликдаги жарликка қулаб тушган. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, воқеа содир бўлган пайтда Nexia бошқарувида 19 ёшли деҳқонободлик ҳайдовчи С.Ж. бўлган.

Ҳокимлик ахборот хизматининг туман Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими бошлиғи Баҳром Назаровга таяниб хабар беришича, воқеа бугун, 5 сентябрь куни соат 13:30 ларда М39 Олмаота—Тошкент—Термиз халқаро автомобиль йўлининг Деҳқонобод туманидан ўтувчи 1283-километрида содир бўлган.

«Ҳайдовчи билан суҳбатлашганимизда у тоғасиникига кетаётганда тоби қочиб қолиб, бошқарувни йўқотганини ва оқибатда автоҳалокат содир бўлганини айтди. Шунга қарамасдан ҳайдовчини шифокор кўригидан ўтказганимизда, ҳайдовчи ҳушёр ҳолатда бўлгани, спиртли ичимлик истеъмол қилмагани маълум бўлди», дейди Баҳром Назаров.