Демократик қадриятлар жамоат тартиби ва амалдаги қонунларни бузиш учун имкониятга айланиб қолмаслиги керак – Абдулазиз Комилов

Демократик қадриятлар жамоат тартиби ва амалдаги қонунларни бузиш учун имкониятга айланиб қолмаслиги керак – Абдулазиз Комилов

Ташқи ишлар вазири демократик ҳуқуқ ва эркинликларни суиистеъмол қилиш оқибатларидан огоҳлантириб, демократик ривожланиш фақат давлат ва жамиятнинг яқин ва конструктив ҳамкорлиги шароитидагина таъминланиши мумкинлигини таъкидлади.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов сўз эркинлиги ва ОАВни ривожлантириш жараёнлари мавзусидаги давра суҳбатида Ўзбекистонда сўнгги 3-4 йилда амалга оширилган демократик ислоҳотларга тўхталди.

«Сизнинг эътиборингизни халқаро шериклар билан мулоқотимиз мазмунининг муҳим жиҳатларидан бирига қаратмоқчиман. Бу давлат хавфсизлиги ва инсон ҳуқуқлари ўртасидаги нисбат ҳамда уларнинг ўзаро боғлиқлиги масаласидир.

Ҳаммага маълумки, кўп йиллар давомида Ўзбекистон гўёки миллий хавфсизликни таъминлашни рўкач қилиб, асосий инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётгани учун танқид қилиб келинган. Бу оддий муаммо эмас. Ва демократик ривожланиш даражасидан қатъи назар кўп мамлакатлар учун долзарбдир.

Ўзбекистонга тўхталадиган бўлсак, сўнгги 3-4 йил ичида амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар ва фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш жараёнида ушбу муаммони бартараф этиш учун жуда кўп ишлар қилинди. Албатта, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар қандай шароитда ҳам ҳимоя остида бўлмоғи лозим.

Ўзбекистон раҳбарияти томонидан давлат ҳокимиятини демократлаштириш, халқ ва оммавий воситалари томонидан тўғридан тўғри ва шаффоф мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг фуқаролик ва жамоатчилик фаоллигини қўллаб-қувватлаш борасида ортга қайтмайдиган йўлда бормоқда. Биз инсон ҳуқуқларига оид ҳар қандай нозик масалаларни миллий ва глобал даражада муҳокама қилмоқдамиз», дея Абдулазиз Комиловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазир давлатнинг инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш жараёнида фуқароларнинг эркинликларини чеклашга бўлган муносабати сўнгги йилларда кескин ўзгарганини айтиб ўтди.

«Давлатнинг инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш жараёнида фуқароларнинг эркинликларини чеклашга бўлган муносабати кескин ўзгарди. Ҳаттоки, адашган ватандошларимизни амнистия қилиш, уларни фарзандлари билан Яқин Шарқдаги низоли ҳудудлардан қайтариш, уларга ижтимоий мослашишда ва ҳаётда ўз ўрнини топишда ёрдам бериш бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар бугун далилдир.

2019 йилда иккита ана шундай гуманитар миссия амалга оширилди. 200дан зиёд аёллар ва болалар ватанга қайтиб келдилар. Бу йил ҳам Суриядан фуқароларни олиб чиқиш учун шундай тадбир тайёрланмоқда. Ўзбекистонда халқ манфаатлари ҳамма нарсадан устундир. Бу тамойил президент Шавкат Миромонович Мирзиёев аниқ таъкидлаганидек, ҳар қандай шароитда, шу жумладан, фавқулодда вазиятларда ҳам қатъий амал қилади.

Аммо бу муаммонинг, яъни хавфсизлик ва инсон ҳуқуқларининг нисбати ва боғлиқлигининг яна бир томони бор. Фуқаролик жамияти ва демократик институтлар инсон ҳуқуқлари, жумладан сўз эркинлиги амалда рўёбга чиқариш учун кенг имкониятлар яратади. Бироқ ушбу демократик қадриятлар барқарорлик асосларига путур етказиш, жамоат тартибини, амалдаги қонунларни бузиш учун баҳона ва имкониятга айланиб қолмаслиги керак», деди Абдулазиз Комилов.

Ташқи ишлар вазири мамлакатнинг демократик ривожланиши фақат давлат ва жамиятнинг яқин ва конструктив ҳамкорлиги шароитидагина таъминланиши мумкин эканини таъкидлади.

«Сўнгги пайтларда айрим, ҳаттоки демократик ривожланган мамлакатларда ҳам оммавий кайфиятнинг кескинлашуви натижасида ҳуқуқий тартибнинг бузилишига, тартибсизликларга, ўт қўйишларга ва ҳатто, одамлар қурбон бўлишига гувоҳ бўлмоқдамиз. Ушбу қонунбузарликларнинг барчаси демократик ҳуқуқ ва эркинликларни суиистеъмол қилиш орқали содир этилган.

Натижада биз табиий бир хулосага келдик: мамлакатнинг барқарорлиги, хавфсизлиги ва демократик ривожланиши фақат давлат ва жамиятнинг яқин ва конструктив ҳамкорлиги шароитидагина таъминланиши мумкин. Айни пайтда юқорида айтиб ўтганимдек, давлат миллий хавфсизликни таъминлаш жараёнида инсон ҳуқуқларини поймол қилмаслиги, демократик эркинликлар эса барча учун баробар бўлган қонунларни бузиш учун қўлланмаслиги лозим. Буни англаб етиш сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган асосий туб ўзгаришлардан биридир», деди вазир.