Денов тадбиркорлик ва педагогика институти талабаларига вазир бориши олдидан «демократик фикрлар»ни айтмаслик буюрилди

Денов тадбиркорлик ва педагогика институти талабаларига вазир бориши олдидан «демократик фикрлар»ни айтмаслик буюрилди

Топшириқ эгаси, институтнинг педагогика факультети декани ўринбосари Шавкат Омонқулов шу воқеалардан кейин ўз аризасига биноан ишдан бўшатилган.

Ижтимоий тармоқларда Денов тадбиркорлик ва педагогика институти педагогика факультети декани ўринбосари Шавкат Омонқуловнинг тарих кафедраси ўқитувчиларига Telegram тармоғи орқали юборган топшириғи сурати тарқалди.

Унда декан ўринбосари томонидан институтга вазир (олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов – таҳр.) келиши мумкинлиги ҳамда у билан бўладиган учрашувда «эс-ҳуши жойида» талабалар иштирок этиб, тизимдаги ислоҳотлардан миннатдорлик кайфиятини намоён қилиши кераклиги буюрилади.

«Вазир билан институтимизда буладиган учрашувга эс хуши жойида талабаларни тайёрлаб, огохлантириб куйинг. Умуман, қайси гурухга кирилса хам, талабаларимиз Президентимиз томонидан олий таълим тизимида олиб борилаётган ислохотлар учун миннатдорчилик кайфиятини намоён этишлари керак, Деновда яратилган шароитни куллаб кувватлашлари керак.

Хар хил демократик фикрларини менга ва сизга айтишса етади. Хамма шароит етарли, фақат биз ёшлар яхши таълим ва тарбия олишимиз лозим деган гояни гапиришсин, телевизорда хам зур чикади. Узи шундогам жамият бокимандаларга тулиб кетди, осмондан тушса ётиб ейман дейдиган» (топшириқ матни таҳрирларсиз келтирилди – таҳр.), – дейилади Шавкат Омонқуловнинг топшириқ хатида.

Олий таълим муассасаси декани ўринбосарининг ўқитувчиларга бу тарзда топшириқ бериши ҳамда талабалардан «қолип»даги фикрларни айтишни талаб қилиши ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

«Олий таълимда ҳеч нарса ўзгармади. Ўша эскича тизим, ўша ёлғонлар ва ўша эскича талаблар. Дарслар, таълим сифати ҳақида эса ҳеч ким сўрамайди, назорат қилмайди, ҳамма эътибор шаклбозликка қаратилган», – деб ёзди мулоқот тармоғи фойдаланувчиларидан бири.

Kun.uz кўпчиликнинг танқид ва кулгисига сабаб бўлаётган воқеа бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати ходими Зафар Амирқуловдан изоҳ олди.

Матбуот хизмати ходимига кўра, Шавкат Омонқулов шу воқеалардан кейин ўз аризасига биноан ишдан бўшаган.

«Декан ўринбосарининг хатти-ҳаракатлари институт раҳбарияти иштирокида жиддий муҳокама қилинган. Муҳокама ва ўрганишлар натижасига кўра, институт одоб-ахлоқ қоидаларини бузгани учун Шавкат Омонқуловга ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилган.

У шу воқеалардан бир неча кун ўтиб, институт раҳбариятидан ўз аризасига кўра ишдан бўшатишни сўраган.

Айримлар бу воқеада вазирни ҳам айблаб ёзди. Лекин бу топшириқ суратлари ижтимоий тармоқларда тарқалган пайтда вазир Абдуқодир Тошқулов Термиз давлат университети қошида янги ташкил қилинган Педагогика институтига директор тайинлаш учун борганди.

Умуман у кишининг (вазирнинг – таҳр.) Денов тадбиркорлик ва педагогика институтига ташрифи ҳам режа қилинмаганди.

Собиқ декан ўринбосарининг бу тарздаги қўпол ва куракда турмайдиган топшириғи унинг профессионаллик лаёқатининг пастлигидан. У ўзича қандайдир янги кашфиёт қилмоқчи бўлган кўринади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги марказий аппарати, айниқса, вазир бу каби кўзбўямачилик ҳолатларини ёқтирмайди.

Вазирлик талаба ва ўқитувчилардан ҳамиша очиқ бўлишни, муаммоларни аниқ-тиниқ айтишни сўрайди. Асосли танқид ва аниқ таклифлар ҳар доим вазирлик томонидан қўллаб-қувватланади», – деди Зафар Амирқулов.