Деновда йигит танишлари билан 20 ёшли қизни олиб қочиб кетиб, "менга эрга тегасан" деб мажбурлади

Деновда йигит танишлари билан 20 ёшли қизни олиб қочиб кетиб,

Денов туман ИИО ФМБ бошлиғи номига 20 ёшли Суғдиёна Х. ариза билан мурожаат қилди, дея хабар бермоқда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.

Унда қиз 2021 йилнинг 4 март куни соат 10:30 ларда Денов тумани Ўрикзор МФЙ ҳудудида таниши 28 ёшли Абдулло Р. ўзига тегишли «Spark» русумли автомашинасида унинг олдига келиб тўхтаб, иккита номаълум шахслар билан унга нисбатан куч ишлатиб, мажбурлаб автомашинасига ўтирғизиб, икки нафар шериги автомашинадан йўлда тушиб қолганидан сўнг, «менга эрга тегсанг уйинга олиб бориб қўяман» деб шарт қўйиб, олиб қочиб кетганлигини билдирган. Шунда Суғдиёна Х. Абдулло Р.дан қочиб кетиш мақсадида, унга турмушга чиқишга розилик бериб, ота-онасини ҳам рози қилишга ваъда бериб унинг қўлидан қочганлигини маълум қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Денов тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 136-моддаси (Аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов давомида, Абдулло Р. Суғдиёна Х.нинг эрга тегиб кетмаслиги учун олиб қочганлигини, унинг шериклари 25 ёшли Зухриддин С. ҳамда 18 ёшли Аслиддин Э. эканликлари аниқланган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.   

Маълумот учун, Жиноят кодексининг нормаларига кўра, жиноятни содир этган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.